Янгиликлар
23
КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ
КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ
Конституция — ҳар бир давлатнинг асосий қонуни, жамият ва давлат ҳаётининг ҳуқуқий пойдеворидир. Унда давлат тузуми, ҳокимият органларининг фаолияти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда бурчлари белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг эркин, фаровон ва тинч ҳаёт кечириши, инсон қадрини улуғлаш, қонунийлик ва адолатни таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. 2023 йил 1 майдан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий давлат тамойилини мустаҳкамлаш, таълим, тиббиёт, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги кафолатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Конституциямизда инсоннинг яшаш, эркинлик, шахсий дахлсизлик, таълим олиш, меҳнат қилиш, дам олиш, мулкдор бўлиш каби асосий ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Шунингдек, ҳар бир фуқаро қонунларга риоя этиши, бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши, Ватан олдидаги бурчини бажариши лозимлиги белгиланган.
Конституциянинг энг муҳим ғояларидан бири — инсон қадрини улуғлашдир. Давлат органлари ва мансабдор шахслар ўз фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши шарт.
Шу билан бирга, Конституцияни билиш ва унга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифасидир. Чунки ўз ҳуқуқларини яхши билган инсон уларни ҳимоя қила олади, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлади ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция — нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки халқимизнинг эркин ва фаровон келажаги, тинчлиги, бирдамлиги ҳамда адолатли жамият қуриш йўлидаги мустаҳкам кафолатдир. Конституцияни ҳурмат қилиш, унинг нормаларига амал қилиш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Низом Маҳмудов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани суди тергов судьяси.