Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: АДОЛАТ ВА ШАФФОФЛИК ОМИЛЛАРИ


СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: АДОЛАТ ВА ШАФФОФЛИК ОМИЛЛАРИ
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай демократик давлатнинг бош мақсади ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида суд органлари фаолиятини шаффофлаштириш, унда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш устувор вазифага айланди. Зеро, суд тизимида адолатнинг таъминланиши нафақат фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, балки юртнинг халқаро майдондаги нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини ҳам белгилайди.
Суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усули сифатида соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва инсон омилини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда ҳаётга татбиқ этилган «E-SUD» ва «Смарт суд» концепциялари доирасида ариза ва даъволарни электрон қабул қилиш, суд ҳужжатларини махсус платформалар орқали масофадан туриб юбориш тизими йўлга қўйилди. Энг муҳими, суд ишларини судьялар ўртасида автоматик тарзда, инсон аралашувисиз тақсимлаш дастури жорий этилди. Бу чора қайси ишнинг қайси судьяга тушишини олдиндан белгилаш ёки унга таъсир ўтказиш имкониятини бутунлай йўққа чиқарди ва тизимдаги энг катта коррупциявий хавфлардан бирини бартараф этди.
Суд мажлисларининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида ҳам муҳим қадамлар ташланди. Жараёнларни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш амалиёти кенгайтирилди. Бу нафақат суд иштирокчиларининг, балки судьяларнинг ҳам масъулиятини оширмоқда. Суд қарорларининг махсус электрон базада мунтазам эълон қилиб борилиши эса жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Эндиликда ҳар бир қизиқувчи шахс чиқарилган қарорларнинг қонунийлиги ва асослантирилганини кузатиш имконига эга.
Кадрлар сиёсати ва судьяликка номзодларни танлаш тизими ҳам тубдан ўзгарди. Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларни саралаш ва тайинлаш жараёнлари очиқ, танлов асосида ва ОАВ орқали жонли эфирда узатиладиган имтиҳонлар воситасида амалга оширилмоқда. Судьялар фаолиятини баҳолашнинг аниқ ва шаффоф рейтинг мезонлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, судьяларнинг ижтимоий таъминоти ва иш ҳақи миқдорининг босқичма-босқич ошириб борилиши уларнинг моддий жиҳатдан мустақиллигини таъминлаш ва коррупциявий омилларга берилмасликлари учун муҳим кафолат бўлмоқда.
Шу билан бирга, суд тизимида ички назорат ва хавф-хатарларни баҳолаш бўйича махсус тузилмалар фаолият юритмоқда. Судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, фуқаролар билан мулоқотда холисликни сақлаши доимий назоратда. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этган ёки судьялик шаънига доғ туширган ходимларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланган бўлиб, улар тизимдан четлаштирилмоқда ва қонун олдида жавоб бермоқда. Суд органларида коррупцияга қарши курашиш — бу бир марталик тадбир эмас, балки тизимли ва давомий жараёндир. Бу борада кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар судларни жазоловчи органдан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чин дилдан ҳимоя қилувчи ва жамиятда адолат мезонларини қарор топтирувчи ҳақиқий мустақил ҳокимиятга айлантиришга хизмат қилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси Б.Ахмедов