Янгиликлар
25
«ЎЗБЕКИСТОН — 2030» СТРАТЕГИЯСИ: АДОЛАТЛИ СУД ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯСИ
«ЎЗБЕКИСТОН — 2030» СТРАТЕГИЯСИ: АДОЛАТЛИ СУД ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯСИ
Мамлакатимизда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш изчил давом эттирилмоқда. Стратегиянинг тўртинчи йўналиши айнан қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга қаратилган бўлиб, ундаги 84, 85, 86 ва 88-мақсадлар оддий одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда судма-суд сарсон бўлишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу соҳадаги янгиланишларнинг энг асосий жиҳати суд ва тергов жараёнларида инсон қадрини улуғлаш билан боғлиқдир. Хусусан, стратегиянинг 84-мақсадига кўра, жиноят ишларини юритишда томонларнинг ўзаро ярашув институтидан фойдаланиш имконияти 20 фоизга оширилади. Энг муҳими, фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаш мақсадида суд ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб (онлайн) амага ошириш даражаси 50 фоизга етказилади. Бу эса ортиқча навбатлар ва оворагарчиликларга чек қўяди.
Давлат идоралари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш (85-мақсад) ҳам ислоҳотларнинг диққат марказида турибди. Агар давлат органи томонидан фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилса, ушбу низоларнинг камида 50 фоизини судгача бўлган босқичда ёки мамурий судларда келиштиришни таъминловчи медиация (тинч йўл) орқали ҳал этиш тизими кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, давлат идораларининг қонунга хилоф қарорлари туфайли фуқароларга етказилган зарарни қоплаб бериш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилади.
Замонавий технологиялар асрида суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг устувор вазифалардан биридир. Шу боис, 86-мақсад доирасида «Смарт суд» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш ва фуқаролар учун янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш белгиланган. Ишларни тўлиқ электрон шаклда юритиш орқали ҳар бир инсон ўз аризаси ёки даъвоси қайси босқичда турганини уйдан чиқмай туриб, компьютер ёки телефон орқали кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Суд просессида адолат ва тенглик мезонларини тўлиқ таъминлаш учун адвокатура институтининг салоҳиятини ошириш (88-мақсад) ўта муҳимдир. Янги тизимга мувофиқ, адвокатлар билан судлар ва бошқа давлат идоралари ўртасидаги электрон ҳужжат алмашинуви даражаси 50 фоизга етказилади. «Юридик ёрдам» ахборот тизимининг ривожлантирилиши эса оддий фуқароларнинг малакали ҳуқуқий ҳимояга эга бўлишини тезлаштиради ва осонлаштиради.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган ушбу мақсадлар суд тизимини жазоловчи органдан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чин дилдан ҳимоя қилувчи, халқ ишонадиган адолат масканига айлантиришга хизмат қилади. Суд-ҳуқуқ соҳасининг рақамлаштирилиши ва инсон омилининг камайтирилиши эса тизимда коррупциянинг олдини олиш ва қонун устуворлигини таъминлашнинг энг ишончли кафолатидир.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси Б.Ахмедов