Янгиликлар
Бунёдкорлик салоҳияти
Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир. Уни ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда бутун халқимиз иштирок этди.
Ўтган 20 йиллик тараққиёт йўли Ўзбекистонимиз учун сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият соҳасида ривожланиш ҳамда юксалиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш даври бўлди.
Шу жиҳатдан Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг ҳар бир йили Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин ва фаровон ҳаётимиз тимсоли сифатида катта тантана билан байрам қилинмоқда.
Мустақиллик йилларида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида тарбиялашда оила институтининг ролига устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. “Мустаҳкам оила йили” ҳамда Конституция байрами муносабати билан вилоят адлия бошқармаси томонидан-Қамаши ва Нишон туманларида миллий ва меъморий анъаналар асосида қурилган ФҲДЁ бўлимлари учун янги “Бахт уйи” биноларининг фойдаланишга топширилганлиги мазкур туманлар аҳолиси, айниқса ёшлари учун байрамга муносиб совға бўлди.
Янги биноларнинг очилишида сўзга чиққанлар бошқа соҳалар каби, мустақиллик йилларида оила қонунчилигининг такомиллашуви, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларни таъминлаш, уларга турли соҳаларда яратилаётган эркин таълим ҳамда меҳнат кафолатлари аҳамияти борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Ўзбекистонда “ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун” тамойили илгари сурилгани ва у изчиллик билан амалга оширилганлиги шаҳар ва қишлоқларимизда барпо этилаётган биноларда ўз аксини топаётганлиги қайд этилди.
Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлигида Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Конституция асосида оилада ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг, ёшларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида қилинаётган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Шу куни янги “Бахт уйи” биноларининг “рамзий калити” тантанали равишда унинг эгаларига, муҳташам бинода оила қуришни расмийлаштирган ёшларга эса никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳномалар топширилди.