Янгиликлар
Бахтимиз қомуси ва ободлик дастури
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши ижроси юзасидан Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда олий ва ўрта-махсус, халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон Республкаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш бўйича тасдиқланган Тадбирлар режага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Тарғибот гуруҳи” томонидан “Бахтимиз қомуси ва ободлик дастури” мавзусида ҳудудларда давлат органлари ва муассасалар, ҳуқуқни-муҳофаза қилувчи органлар, адлия бошқармаси тизимидаги идоралар ходимлари, ҳуқуқий тарғибот масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари ва талаба-ёшлар иштирокида анжуманлар ўтказилди.
Хусусан, “Бахтимиз қомуси ва ободлик дастури” мавзусида Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Санъат” коллежида анжуман ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Тарғибот гуруҳи” аъзоси Юристлар малакасини ошириш марказининг кафедра мудири, юридик фанлар доктори Бобоқул Тошев, вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси, вилоятдаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва олий ўқув юртлари талабалари иштирок этишди.
Тадбирда Б.Тошев “Ўзбекистон Республикаси конституцияси миллий давлатчилик асоси”, “Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишда конституция ва қонунлар ўрни”, “Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий сиёсати йўналишлари” мавзуларида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий Қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақт ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Анжуманда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳ.Турсунов, “Конституция ва Концепция – узоқ муддатга мўлжалланган миллий стратегиямиз” мавзусида маъруза қилди.
Х.Турсунов ўз маьрузасида Биз эришган улкан марраларнинг энг муҳими – эски тизимдан бутунлай воз кечиб, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш йўлидан дадил бораётганимиз ва бу жараённинг ҳеч қачон ортга қайтмайдиган қатъий ва изчил тус олганини бугунги кунда ҳар бир Ўзбекистонлик чуқур англаб ва бутун онгу шуури билан ҳис этиб яшашини таькидлаб ўтди.
Бундан ташқари, демократлаштириш ва либераллаштириш, биз учун принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган давлатни шакллантириш, албатта, бу бир-икки йилда ҳал этиладиган вазифа эмас, балки муайян муддат билан чегараланиб қолмайдиган узоқ ва узлуксиз жараён эканлигини билдирди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар “Обод турмуш йили”да ёш оилаларнинг, унда вояга етаётган фарзандларнинг баркамоллигини улуғлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш борасида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш борасида миллий қонунчилигимиз ҳам такомиллаштирилганлигини эътироф этишди.
Тадбир давомида олий ўқув юртлари талабалари ва тадбир иштирокчилари ўртасида “Конституция ва қонунларни биласизми мавзусида” викторина ўтказилди.
Викторинада Талабалар ва тадбир иштирокчиларига Конституция ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар оид саволлар берилди.
Мазкур викторинада фаол қатнашган иштирокчиларга қиммат баҳо совғалар топширилди.