Янгиликлар
03
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида қабул қилинди.
Ушбу Қонунда педагог тушунчаси, педагогнинг мақоми, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда педагог фаолиятининг асосий кафолатлари, хусусан:
педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишни таъқиқлаш;
давлат таълим ташкилотларида илмий фаолият билан шуғулланган педагогнинг базавий лавозим маошига тўланадиган устаманинг миқдорларини қонун даражасида белгилаш;
умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга оширувчи педагогни бириктириш;
давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар, бирламчи ўқув-услубий материаллар ва ўқув қуроллари билан бепул таъминлаш;
педагогик фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган шахслар тоифаларини белгилаш;
педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши;
педагог ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш ва бошқа шу каби масалалар белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши келгусида педагог касбининг аҳамияти ва нуфузини оширишга, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишга ҳамда улар меҳнатини муносиб рағбатлантиришнинг имкониятлари кенгайишига хизмат қилади.