Янгиликлар
Конституция – тадбиркорлик тараққиётининг кафолати
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш бўйича инспекциялар фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида қонунийликка риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек инспекциялар фаолиятига услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири саналади.
Адлия вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилган “Конституция – тадбиркорлик тараққиётининг кафолати” мавзусидаги матбуот анжуманида бу борадаги ишлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш борасидаги имтиёзлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг мақсади, вазифалари ҳамда мазмун-моҳиятини белгилаб берувчи асосий қонундир.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Бош қонунимизнинг 53-моддасида, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгиланган.
Конституция нормаларидан келиб чиққан ҳолда, ўтган давр мобайнида бу борада бир неча қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди ва уларни янада соддалаштириш мақсадида амалдаги қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёни ва улар фаолиятига рухсатномалар бериш тартиб таомиллари қисқартирилиб, фаолият юришнинг ҳуқуқий асослари анча соддалаштирилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъекти томонидан таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб, рўйхатга олувчи органга мурожаат қилиш оралиғидаги муддат 7 иш кунидан 1 ойгача узайтирилди. Бу қулайлик ҳам тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Тадбирда адлия органлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияларида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божи ставкаси энг кам иш ҳақи миқдорининг бир баравари миқдорида белгилангани, давлат рўйхатидан ўтказишда нотариал тарзда тасдиқланадиган таъсис ҳужжатларини тақдим этиш ҳақидаги талаб бекор қилинганлиги фаолиятни бошлаш механизмларининг соддалаштирилганлигига хизмат қилаётганлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, статистика, молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисобот турларини бекор қилиш ва бир-бирини такрорловчи шаклларни бирлаштириш эвазига ана шундай ҳисоботлар миқдори, шунингдек уларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди. Вазирлик томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш мақсадида, масъулияти чекланган жамиятларнинг наъмунавий устав ҳамда таъсис шартномалари янгидан ишлаб чиқилиб, расмий веб-сайтга жойлаштирилди.
Матбуот анжуманида журналистларга айрим туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан рўйхатдан ўтказишда қонунчилик талабларига риоя этилмаётганлиги мисоллар орқали таҳлил этилди, шунингдек, бу борадаги реестрни юритиш, ўз устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатишда қонунчилик талаблари, муҳр ва штамп тайёрлашга рухсатнома расмийлаштириш тартибининг бекор қилинганлиги хусусида батафсил маълумот берилди ҳамда журналистларнинг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.