Янгиликлар
Адлия аралашуви билан ходимлар ишига тикланди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Фарҳод Ботиров тумандаги 101-сонли мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлар эди. Ўтган йилнинг ёзги таътил вақтида “ишга келмадинг” деган важ билан мактаб раҳбари уни ишдан бўшатади. Ўтган вақт мобайнида ишини тиклаш мақсадида ташкилотма-ташкилот сарсон бўлган фуқаро охири туман адлия бўлимига мурожаат қилади.
Шундан сўнг туман адлия бўлими бошлиғи Б.Ахмедов фуқаронинг Чироқчи туманидаги 101-сонли умумий таълим мактабига ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳаққи ва маънавий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман судига ариза киритади. Аммо ФИБ Чироқчи туман суди ишни кўриб, ҳал қилув қарори билан аризани рад этади. Кейин Чироқчи туман адлия бўлими томонидан 19.07.2022 йилда аппеляция шикояти ФИБ Қашқадарё вилоят судининг аппеляцияси инстанциясига киритилади.

ФИБ Қашқадарё вилоят судининг аппеляция инстанцияси аппеляция шикояти билан ушбу фуқаролик ишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, 2022 йил 7 декабрдаги ажрими билан фуқаро Фарҳод Ботировнинг Чироқчи тумандаги 101-сонли мактабга ишга тиклаш, мажбурий ишламаган кунлари учун иш ҳақлари ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш ҳақида қарор чиқаради.
– 15 ойи 11 кун деганда адолат тикланди, – дейди Ф.Ботиров. – Бўшаган вақтимдаги иш ҳақларим ҳам тўлаб бериладиган бўлди. Талабларим кўриб чиқилиб қонуний ечим топилганидан жуда мамнунман. Адлия органларидан миннатдорман. Худди шундай Чироқчи туман адлия бўлимига фуқаро Гулчеҳра Сайдалиевадан ҳам шикоят аризаси тушган. Аризада таъкидланишича, фуқаро Г.Сайдалиева 2015 йилда тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабининг психолог ўқитувчилигидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиб кетган. Етти йил таътилда бўлган. 2019 йил таълим соҳасида ислоҳот бўлиб, психолог штати бўйича ишга қабул қилиш ваколати мактабдан туман халқ таълими бўлимига ўтказилган. 2022 йилда Сайдалиева қайтиб ишга чиқмоқчи бўлганда, ишига бошқа шахс ишлаётганлигини билади ва у ўзини мактабнинг ёки халқ таълими бўлимининг буйруғи билан ишдан бўшатилмаганлигини билгани ҳолда бир неча ташкилотларга мурожаат қилсада ишга қабул қилинмайди. Шундан кейин адлия бўлимига ариза билан мурожаат қилади. Туман адлия бўлимининг аралашувчи билан ишга қайта тикланади.

– Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлимимизга фуқаро Г.Сайдалиева туғиш таътилидан қайтганда ишга олмаганлиги бўйича мурожаат билан келди, – дейди туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Ҳумоюн Норхўжаев. – Ариза бўлимимиз томонидан ўрганилганда 2015 йилда Г.Сайдалиева ҳомиладорлик таътилига чиқарилганда психолог лавозимига ишга олиш ва бўшатиш ваколати мактаб директори зиммасида бўлган. Кейин таълим соҳасида ислоҳот бўлиб 2019 йилда ушбу ваколат халқ таълим бўлими мудирига ўтказилган. Бу даврда фуқаро туғиш таътилида бўлган. Бир пайтнинг ўзида туғиш таътилига бир неча марта давомли чиққан. Бундан ташқари, фуқарони бўшатиш ҳақида ҳам буйруқ чиқарилмаган.
Туман адлия бўлимининг қонуний аралашуви билан муаммога ечим топилди ва фуқаро ўз ишига тикланди. Ҳозирда туман халқ таълим бўлими мудирининг буйруғи билан тумандаги 4-сонли мактабда психолог лавозимида ишлаб келмоқда.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.