Янгиликлар
Экспорт салоҳияти янада ошади
Қашқадарё вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган семинарда вилоят иқтисодиёт бошқармаси, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси, экспортчи корхоналар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, суғурта компаниялари, вилоят тижорат банклари масъул ходимлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига мувофиқ, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилиб, вилоятда ҳам унинг ҳудудий филиали иш бошлаган. Семинарда иштирокчиларга жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари тўғрисида атрофлича тушунча берилди.
– Жамғарма мамлакатимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни жаҳон ва минтақавий бозорларда сотиш талаби ва имкониятларини ўрганиб чиқиш, қисқача айтганда, тадбиркорларимиз ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилишда уларга ҳам амалий, ҳам назарий кўмак беради, – дейди жамғарма раиси Жаҳонгир Мустафоев.
Семинар давомида иштирокчиларга қарорнинг мазмун-моҳияти ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида консалтинг хизматлар кўрсатиш турлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.