Янгиликлар
Қашқадарёда адлия фуқаронинг ишсизлик масаласини ўрганди
Фуқаро М.Умирова турмуш ўртоғи иш билан таъминланмаганлигидан норози бўлиб, Қашқадарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди. Бу ҳолат бошқарма томонидан ўрганилиб, Қарши шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, бунинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Фуқарога мос тушадиган ишнинг параметрлари борми?
Қонунда мақбул келадиган иш — фуқаро бажаришга қодир бўлган, фуқаронинг олган маълумоти йўналиши ва ихтисослигига, малакасига, касбий тайёргарлигига, иш тажрибасига, соғлиғининг ҳолатига кўра мос келадиган, яшаш жойини ўзгартиришини назарда тутмайдиган, унинг доимий яшаш жойидан унчалик узоқ бўлмаган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини кафолатлайдиган иш эканлиги белгиланган.
Кимлар мақбул ишни таклиф қилиши керак?
Шунингдек, Қонуннинг 31-моддасида маҳаллий меҳнат органи иш қидираётган шахсга бўш (вакант) иш ўринлари кўпайишига қараб, у ишга жойлашгунига ёки ҳисобдан чиқарилгунига қадар мақбул келадиган ишни таклиф этиши шартлиги кўрсатилган.
Фуқаро қачон ишсиз деб топилади?
Қонуннинг 34-моддасида мақбул келадиган ишга доир таклифлар мавжуд бўлмаган ва ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган тақдирда, иш қидираётган шахс ишсиз деб эътироф этилиши ҳамда унга ишсизлик нафақаси тайинланиши белгиланган.
Адлия аралашуви билан фуқаро М.Умированинг турмуш ўртоғи Э. Негматовга Қарши шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсизлик нафақаси тайинланди.