Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида


19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Мажлисда депутатлар корпуси сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг ишлаб чиқилган нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда “Биржа фаолияти тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ва “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама этди.

“Биржа фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ЎзЛиДеП фракцияси вакилларининг алоҳида диққат-эътиборини тортди. Ушбу қонун лойиҳасини ўрганиш шуни кўрсатадики, у бозор биржа нархларини шакллантириш (котировкалаш) жараёнларини халқаро стандартлар даражасида ҳуқуқий таъминлаш, нархларнинг эҳтимол тутилган ўзгаришларини суғурта қилиш, савдо қилинаётган активларнинг инвестициявий жозибадорлигини, нархларнинг ошкоралигини таъминлаш, нархларнинг келгуси ўзгаришлари тенденцияларини белгилаш, шунингдек, талаб ва таклифнинг мувозанатини аниқлаш каби бир қатор вазифаларни ҳал этишга қаратилгандир.

ЎзЛиДеП фракцияси томонидан ушбу қонун лойиҳасининг қўллаб-қувватланиши у молиявий секторни ривожлантиришга кўмаклашиб, биржа фаолияти масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини яратибгина қолмай, балки чет эллик инвесторлар учун мамлакатимизнинг биржа бозори жозибадорлигини ошириши билан боғлиқ эканлиги мажлисда қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг фикрича, “Биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон манфаатлари йўлидаги кучли ички ва ташқи иқтисодий стратегияни амалга оширишнинг муҳим омили бўлади. Бу эса ЎМТДП дастурий мақсадларида акс этган: миллий иқтисодиётда тизимли чуқур ўйланган ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг самарали сиёсатини юритиш вазифаларга мос келади.

Қонуннинг қабул қилиниши биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқий амалиётни қўллаш учун шарт-шароитлар яратишга, биржа бозорининг иштирокчилари, шу жумладан акциядорлар, инвесторлар ва давлатнинг манфаатлари балансига эришишга имкон беради. Ушбу партия маҳаллий биржа бозорларининг жаҳон биржа бозорига уйғунлашуви учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини жаҳоннинг етакчи биржалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик билан мувофиқлаштириш, биржа фаолияти тизимининг барча асосий элементларининг, савдо, клиринг, ҳисоб-китоблар, битимлар ижроси кафолатларининг жаҳон стандартлари даражасида амал қилишини таъминлаш, шунунгдек, маҳаллий биржалар котировкаларининг чет эллик инвесторлар томонидан тан олинишига эришиш ва бунинг натижасида чет эллик инвесторлар учун уларнинг жозибадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ушбу қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилинишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ва “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини муҳокама этишда ЎзХДП фракциясининг аъзолари алоҳида фаоллик кўрсатдилар. Улар мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп босқичли тизими яратилганини, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилаётганини таъкидладилар. Ота-оналарнинг ҳомийлигисиз қолган болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида бутун норматив-ҳуқуқий база яратилди, жумладан, Оила ва Фуқаролик кодекслари, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, партиянинг фикрича, махсус қонун ҳужжатида васийлик ва ҳомийликни аниқлаш масалаларини белгилаб берувчи ҳуқуқий нормаларни тизимлаштириш, кодификациялаш зарурлиги таъкидланмоқда.

ЎзХДП аъзоларининг сўзларига қараганда фракция ўз партиявий устуворликларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Уларнинг таҳлили асосий тушунчалар, давлат сиёсатининг йўналишлари, давлат органларининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги принциплари, вазифалари ва ваколатларини белгилаб берувчи нормаларнинг киритилиши асосий принципиал ва янги қоидалардан бири бўлганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаларида соғлиқни сақлаш органлари зиммасига ишга яроқсиз ва ишга яроқлилиги чекланган шахсларнинг ҳисоботини юритиш бўйича функцияларни, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари зиммасига эса соғлиғи ҳолати бўйича ҳомийликка муҳтож ишга яроқли шахсларнинг ҳисоботини юритиш бўйича функцияларни юклаш ҳам назарда тутилмоқда.

ЎзХДП фракциясининг ишончи комилки, бу васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг барча тоифаларини жойлаштириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш, унинг мониторингини юритиш, мушкул аҳволда қолган болалар, ишга яроқсиз ва ишга яроқлилиги чекланган фуқаролар, шунингдек, ташқи ёрдамга муҳтож кекса ва бошқа шахслар тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш учун шарт-шароитлар яратиб беради. Мажлисда таъкидланганидек, буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий вазифаларига ва унинг электорати манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг аъзолари ҳам қонун лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Партиянинг сайловолди платформасида жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш учун барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари юксак даражада қонуний ҳимоя қилинишини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ҳамда жамиятда юзага келган талаблар ва эҳтиёжларга мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш муҳимлиги аниқ белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан мазкур партиянинг парламентдаги вакиллари ушбу қонун лойиҳалари муҳим ижтимоий аҳамиятга эгалиги туфайли уларни мазкур йўналишдаги навбатдаги қадам деб ҳисоблайди.

Васий ва ҳомийни тайинлашнинг батафсил тартиби белгилаб қўйилгани таъкидланди, бу эса, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фикрича, ота-оналарнинг ҳомийлигисиз қолган болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга кўмаклашади. Жумладан, тарбиялаш учун уларни оилаларга ёки ижтимоий муассасаларга жойлаштириш масаласи ҳал қилингунига қадар бир ойлик муддатга жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган дастлабки васийлик ва ҳомийлик институти жорий этилади.

Қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши васийликдаги кишиларнинг қонуний кафолатларини кучайтириши алоҳида таъкидланди, шу орқали улар ўзининг боқилиши, тарбияланиши ва соғлиғи ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш, васийлик ва ҳомийлик органларидан ўз ҳуқуқлари тўғрисида ахборот олиш борасида ҳуқуқлар билан таъминланади. Бошқа тарафдан, васийлар ва ҳомийларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, васийликдаги кишилар, васийлар ва ҳомийларнинг мулкка эгалик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмоқда.

Ушбу лойиҳалар бўйича муҳокаманинг сўнгида “Адолат” партиясининг депутатлари мазкур қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши васийлик ва ҳомийлик тизимининг янада модернизация қилинишига хизмат қилишини, улар фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашини, бу эса, шубҳасиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидладилар.

Билдириб ўтилган нуқтаи назарлардан келиб чиққан ҳолда парламент аъзолари “Биржа фаолияти тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар. Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси тегишли қарорларни қабул қилди.