Янгиликлар
Янги қонунларнинг мазмун-моҳияти
Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган анжуман ташкил этилди.
Унда вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, назорат қилувчи органлар, рухсат этувчи ҳужжатлар бериш ваколатига эга бўлган органлар, тижорат банклари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияларининг масъул ходимлари, шунингдек, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад – янги нормаларни давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходимлари орқали кенг омма эътиборига етказишдан иборат бўлди.
Сўзга чиққанлар қайд этишганидек, янги таҳрирдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатларида олдинги таҳриридан фарқли жиҳатлари ҳамда афзалликлари атрофлича очиб берилган. Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни ўз ичига нафақат янги моддаларни қамраб олди, балки бугунги куннинг воқелигидан келиб чиқиб, олдинги таҳрирнинг кўплаб қоидаларини тўлдирди ва бойитди.
Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига бўлган талаблар кучайтирилди, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда ишлаб чиқувчи зиммасига қонун ҳужжатларининг ҳолатини, лойиҳани тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганиш, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлаш мажбурияти юклатилди.
Шунингдек, Қонуннинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш” бўлими қатор нормалар билан тўлдирилди.
Анжуман иштирокчилари таъкидлаганларидек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилиши – энг аввало тайёрланаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир соҳадаги ислоҳотларнинг жойларда ижросини таъминлашда маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига кенг кўламли вазифалар юклатилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарори билан Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати ҳамда “Ваколатли органлар томонидан берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрларини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Анжуманда адлия органлари томонидан ушбу жараёндаги бюрократик ғовларни бартараф этиш ҳамда ўрнатилган қонунчилик бузилишининг олдини олиш борасидаги вазифалар, мазкур қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва кафолатлар аҳамиятини кенг тарғиб этишда ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар келишиб олинди ва иштирокчиларнинг бу борадаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Шунингдек, семинар жараёнида Қашқадарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан тайёрланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” номли қўлланма йиғилиш иштирокчиларига тарқатилди.