Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Аҳоли ва тадбиркорларга Давлат хизматини кўрсатишда қулайликлар яратилмоқда


Кейинги йилларда давлатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб келинмоқда. Бунда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга катта амият қаратилмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини айтишимиз мумкин.

Ушбу Фармон билан 2021 йил 1 ноябрдан:

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);

Давлат хизматлари марказлари, “Лицензия” ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан  3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади ҳамда давлат хизматини кўрсатиш тўлиқ якунланади.

Бунда ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилиб, кейинчалик давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан акцептсиз ундириб олинади.

2022 йил 1 январдан 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди.

(Маълумот учун: Хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган герб бланкаси учун йиғим ундириш бекор қилинди).

2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга ошириш;

лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар дубликатини (QR-код қўйилган ҳужжатлардан ташқари) бериш учун тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан (24 минг сўм) ошмаган миқдорда белгиланмоқда (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно);

2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширишни йўлга қўйиш белгиланди.

2022 йил 1 январдан қуйидаги  16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилинди:

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни:

тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;

лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар

ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;

давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлиги тўғрисида маълумотларни;

қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олинганлиги тўғрисида маълумотларни;

кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотларни;

жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;

олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;

жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;

жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатганлиги ҳақида маълумотларни;

фуқаро “Ёшлар дафтари” ёки “Аёллар дафтари”да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;

ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;

олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;

б) қуйидаги ҳужжатларни:

молиявий ҳисоботлар нусхаларини;

жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;

ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисида маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади.

Давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни ушбу 16 турдаги ҳужжат ва маълумотларни мустақил равишда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Фармоннинг яна бир муҳим томони 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтириши шартлиги белгиланди.

Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу вазифаларнинг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиб боради.

Фармонда турли коррупцион ҳолатларини олдини олиш мақсадида,
2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказишда қуйдагича янги тартиб белгиланди:

- мурожаатлар электрон шаклда қабул қилнади;

- малака сертификатларини бериш учун ўтказиладиган имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва у бир йил давомида сақланади;

- малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун ундириладиган тўловлар Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади;

- талабгорлардан имтиҳон олишда саволлар тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади (алоҳида иқтидор ҳамда амалий синовлар талаб этиладиган йўналишлар бундан мустасно);

- малака сертификатлари ва аттестация гувоҳномаларини расмий бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечилиб, уларни QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштириш йўлга қўйилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилади. Бу орқали давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобиль алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имкониятини яратилади.

Фармоннинг 2-иловаси билан 2021-2023 йилларда қўшимча 87 турдаги хизматни давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланди. Бунинг натижасида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 157 тадан 244 тагача ошади.

Фармоннинг 4-иловасига мувофиқ вазирлик ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда улар ўртасида электрон маълумот алмашишни йўлга қўйиш ҳисобига 59 турдаги давлат хизматини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилмоқда.

2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилишда композит хизмат кўрсатишни йўлга қўйилиши белгиланди.

Бунда, тиббиёт бирлашмаси томонидан вафот этган шахс тўғрисидаги тиббий маълумотнома махсус ахборот тизими орқали ФҲДЁ органига юборилади. ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг 1 иш кунида шахснинг ўлимини “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида қайд қилади ва QR-код билан тасдиқлайди;

ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари хоҳишига кўра ҳамда уларнинг аризасига асосан шахснинг вафот этганлигини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб бериши ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юбориши ҳам мумкин.

Фармон билан яна бир қатор бошқа қулайликлар ҳам назарда тутилган. Буларнинг барчасига асосланиб Фармон аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштиришда, муддатлар ва талаб қилинадиган ҳужжатларни қисқартиришда хизмат қиладиган жуда муҳим дастак бўлди десак, албатта тўғри бўлади.