Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-701-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти


Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни ривожлантириш бўйича янгича тарзда ёндашилмоқда десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим соҳалардаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар, амалиётдаги ечими кутаётган саволлар ҳар бир йўналишда замонавий бошқарув тизимларини жорий этишни тақозо этаётгани бор гап.

Лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасини ҳам шулар жумласига киритиш мумкин.

Мамлакатимизда ушбу соҳа ривожини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилаётган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-701-сонли Қонунини ҳам бу борада амалга оширилаётган навбатдаги ишлардан бири сифатида кўрсатиш мумкин.

Шу сабабли ушбу Қонун ҳужжатидаги асосий белгиланган янгиликлар билан фуқароларимизни таништиришни лозим деб топдик.

Энг аввало, мазкур ҳужжат билан 49 та лицензиялар, 120 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 33 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

Шунингдек, Қонунга кўра, фаолиятни амалга ошириш ҳаёт ва соғлиққа, атроф-муҳитга зарар, ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга, жамоат хавфсизлигига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.

Худди шу каби, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш ва улар билан боғлиқ бошқа тартиблар барча учун очиқ бўлган “Лицензия” ахборот тизими (махсус электрон тизим) орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, юридик шахслар филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

Бунда аввал олинган лицензияларда ва рухсатномаларда филиаллар ва ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилади.

Филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахслар ваколатли органни махсус электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали хабардор қилади.

Лицензиялар, рухсат бериш ҳужжати ва хабарномалар реестрлари фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида махсус электрон тизимда очиқ электрон шаклда юритилади.

Бундан ташқари, мазкур Қонунда бу соҳада қилинган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари учун жазо чоралари қўллаш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, бу эса жисмоний ва юиридик шахсларга соҳада қонунийликни таъминлашда қўшимча масъулият юклайди.

Фикримизча мамлакатимизда бу каби Қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши ҳар бир соҳа ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.

Косон туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси                                                        Қ.Саидов