Янгиликлар
ЮРИДИК ТЕХНИКУМ – МАХСУС ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМ МАСКАНИ
Маълумки, Президентимиз Фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматимиз қарорлари билан вилоятлар марказларида 14 та юридик техникумлар ташкил этилган эди. Қашқадарё вилоят юридик техникуми ҳам ана шу ҳужжатлар асосида фаолият юритиб келмоқда.
Қонун ҳужжатларига асосан, меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун рақобатбардош кадрларни профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали тайёрлаш ҳамда турли ёшдаги шахсларнинг «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида таълим олишга бўлган талабларини қондириш профессионал таълимнинг мақсади ҳисобланади.
Иш берувчиларнинг талаб ва таклифларига асосан кадрларга бўлган реал эҳтиёжни инобатга олган ҳолда иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда жамиятнинг касблар ва мутахассисликларга бўлган талабларини қондириш;
меҳнат фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;
маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;
Халқаро таснифлагич даражалари билан уйғунлашган табақалаштирилган таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
таълим олиш билан биргаликда ўқувчиларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур билимларни бериш ва уларни келгусида ўз бизнесини ташкил этиши юзасидан методик қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш;
мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, уни барқарор ўстириш ҳамда модернизациялаш жараёнларида самарали иштирок этишга қодир бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадида ўқув жараёнига инновация шакллар, технологиялар ва ишланмаларни фаол қўллаб, профессионал таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
шахсларнинг профессионал таълим муассасаларини ихтиёрий танлаши ва касб ёки мутахассислик бўйича билим олиш, шунингдек, «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида касбий тайёргарлик ва қайта тайёрлашдан ўтиш имконига эга бўлиш шароитларини яратиш;
профессионал таълим олиш орқали шахснинг интеллектуал, маданий ва маънавий ривожланишга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қондириш, ўқувчиларда ватанпарварликни, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш ҳамда уларда масъулият ва ижодий фаолиятни ривожлантириш – профессионал таълимнинг вазифалари ҳисобланади.
Юқоридаги вазифаларни амалга ошириш юзасидан юридик техникумда ўқув жараёнларини ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ҳамда ҳудудий адлия бошқармаси топшириқ ва кўрсатмалари, режадаги вазифаларнинг ижроси таъминландияъни техникумда 2020/2021 ўқув йилида ўқув режага мувофиқ дарс жараёнлари ташкил этилди ва якуни бўйича ўқув жараёни графигига асосан 1 курсларга якуний назорат, таништирув амалиёти, амалиёт имтиҳони, 2 курсларга якуний назорат ва якуний давлат аттестацияси ўтказилди.
Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморадумларга мувофиқ 1 курсларнинг таништирув амалиёти Адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Ички ишлар органлари, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят суди, вилоят маъмурий суди, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, Нотариал палата, Адвокатлар палатаси ҳамда унинг тизимидаги идора, ташкилотларда ҳамда бошқа ташкилотларда ташкил этилди.
Техникумда 1 курсда 3 та йўналишда таҳсил олган 203 нафар ўқувчилардан ўқув режа ва дастурларининг барча талабларини тўлиқ бажарган 181 нафари 2 курсга ўтказилди. Фанлардан академик қарздорлиги мавжуд бўлган 22 нафар ўқувчи Низом талабларига мувофиқ белгиланган жадвал асосида қайта топшириб қарздорлигини бартараф этгандан сўнг 2 курсга ўтказилиши белгиланди.
2020/2021 ўқув йили якуни билан битирувчи 2 курсларга “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, мос равишда тузилган комиссия томонидан мутахассислик ва хорижий тил фанларидан якуний давлат аттестацияси ўтказилди.
Якуний давлат аттестация комиссияси томонидан 2 курсдаги 145 нафар ўқувчилардан ўқув режа ва дастурларининг барча талабларини тўлиқ бажарган 143 нафар ўқувчиларга мутахассислиги бўйича ( 5 та имтиёзли, 138 та оддий) диплом бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2 нафар ўқувчи хорижий тил фанидан якуний давлат аттестациясида иштирок этмади.
Ўқув йили давомида дарс жараёнларига 12 нафар штатдаги ва 2 нафар ўриндошлик асосида ўқитувчилар жалб қилинди. Мутахассислик ва умумтаълим фанлари кафедралари фаолият олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 3 майдаги 147-ум-сон буйруғига мувофиқ 6 нафар педагог ходимлар вазирлик томонидан навбатдан ташқари аттастациядан, 3 нафари эса суҳбатдан ўтказилди.
Ўқув йилида манфаатдор ташкилотлар билан юридик таълим ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, амалиёт ўташ ва битирувчилар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан 8 та ҳамкорлик меморандумлари тузилди.
Ўқув йили давомида техникум ўқитувчилари томонидан тасдиқланган режа асосида 27 та намунавий очиқ дарслар ташкил этилди ва шу жарёнларда ўзаро дарс таҳлиллари амалга оширилди. Гуруҳларда 20 га яқин мастер класс ва тренинг дарс машғулотлари ўтказилди.
Дарс машғулотларида олинган назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш мақсадида Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Давлат хизматлари агентлиги марказлари, нотариал идоралар, адвокатлик бюролари ва бошқа ташкилотларга ташрифлар ташкил этилди. Мазкур ташкилотларда малакали амалиётчи мутахассислар томонидан сайёр дарслар ўтказилди.
Шу билан бирга, 2 курс ўқувчиларининг ташкилотларда дарс машғулотларидан ташқари вақтда стажировкалари ташкил этилди.
Ўқувчилар иштирокида техникум биносида судлар томонидан 27 та сайёр суд мажлиси ўтказилди ҳамда Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган 4 та сайёр суд мажлисларида онлайн тарзда иштирок этишди.
Техникум ўқитувчиларининг маҳаллий нашрларда 27 та, халқаро нашрларда 16 та мақолалари чоп этилди.
Ўқитувчилар Тошкент давлат юридик университети ташаббуси билан ташкил этилган USAID халқаро ташкилотининг семинар тренингларида ҳамда кредит-модуль тизими бўйича ТДЮУ семинарларида иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумларига 2021/2022 ўқув йили учун қабулни ташкил этиш ҳақида”ги 179-ум-сон буйруғи мувофиқ 2021/2022 ўқув йили ўчун Қашқадарё вилояти юридик техникумига 3 та йўналишда 180 нафар қабул параметри кўзда тутилган. Шундан кундузги таълим шаклига 90 та, сиртқи талим шаклига 90 та қабул режалаштирилган.
Ўқув йили давомида Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларида касбга йўналтириш юзасидан шаҳар ва туманларда ўқитувчилар томонидан техникумга қамров бўйича жойларга чиқиб тарғибот ишлари олиб борилди.
Техникумга қабул жараёнлари бўйича 2 та видеоролик, 1 та тақдимот тайёрланиб техникумнинг ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси, Ёшлар иттифоқининг маҳаллий ва вилоят Кенгашларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали кенг ёритилди. Шунингдек, 10 минг дона флаер, минг дона плакатлар тайёрланиб аҳоли гавжум жойларга тарқатилди. Бундан ташқари техникум ходимлари томонидан туман (шаҳар)ларда, маҳалларда, таълим муассасаларида тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.
Рисолат Абдуллаева
Адлия бошқармаси бошлиғи
ўринбосари-техникум директори