Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

Виждон эркинлигининг кафолати ва диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишнинг янги босқичлари


Эътиқод эркинлиги жамиятда ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувлик муҳити, меҳр-оқибат туйғуларини шакллантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбекистонда турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаши натижасида конфессиялараро тинч, ўзаро тотувлик муносабатлари ҳукм суриб келмоқда.

Бош қомусимизга мувофиқ ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Шунга кўра, жамиятда виждон эркинлигини таъминлаш кафолати ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу сабаблиЎзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуниянги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Ўзбекистонда диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.

Қонундаги принципиал янгиликлар сифатида, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларнияратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилган.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилган.

Маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган
этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.

Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмас, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилди.

Диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланади.

Жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.

Диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлди.

Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

Қонунда “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.

Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.


Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси

бўлим бошлиғи А.Худайбердиев