Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари


Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади.

Чунки, бу давлат раҳбари - Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Презденти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ҳуқуқий мақомига оид нормалар билан бир қаторда сайловга оид тамойил ҳамда қоида-талаблар мустаҳкамланган.

Конституциямиздаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ қоида-талаблар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш орқали мамлакат раҳбари бевосита сайловчилар томонидан сайланади, иккинчидан, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг тобора ривожланиши асосида сиёсий партияларнинг давлат органларини шакллантиришдаги фаолиятини кафолатлайди, учинчидан, сайлов ҳуқуқи тамойиллари ва муддатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мустақил сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақоми Конституциянинг 89-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Шунинг учун ҳам мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилайдиган ва Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борувчи мансабдор шахс сифатида давлат раҳбарлигига номзодлар учун тегишли талаблар конституция даражасида мустаҳкамланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 90-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Сайловга оид қонунчилик ҳужжатлари тизимида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси муҳим аҳамиятга эгадир.

Сайлов кодекси турли сайловларни ўтказиш билан боғлиқ 5 та қонун ва ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар асосида қабул қилинган, ўзида 30 дан ортиқ янги демократик сайлов қоида талабларни мужассамлаштирган ягона кодификациялашган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 2019 йил 25 июнда қабул қилинган бўлиб, 18 боб ва 103 та моддадан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масалалар алоҳида ҳуқуқий тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари Сайлов кодексининг 12-бобида белгиланган бўлиб, қуйидаги нормалардан иборат: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар (61-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи (62-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар (63-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби (64-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш (65-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгариги сайлов
(66-модда).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўз сиёсий ғояси, дастури ва сайловолди платформаси асосида сайлов жараёнида кураш олиб борадилар.

Сайлов кодексининг 62-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсата олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва Сайлов кодекси талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни

давлат томонидан тартибга

солиш бўлими