Янгиликлар
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими фаолиятидан...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан адлия органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш ҳисобланади.
Мазкур йўналишда бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бўлим томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 655 та мурожаатнинг 626 таси ҳал этилиб, шундан 145 таси ёки 23 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 22 фоиз) қаноатлантирилган, 481 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Шундан, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 161 та мурожаатнинг 159 таси ҳал этилиб, шундан 45 таси ёки 28,3 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 27.5 фоиз) қаноатлантирилган, 114 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасига кўра қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 16 та тақдимномалар киритилди. Натижада 3 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди ва фуқароларга жами 376 262 345 сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бўлим томонидан ҳисобот даврида 31 та даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 52 та тақдимнома ва 11 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Натижада 31 та шахс интизомий жазога тортилди. Шу билан бирга, фуқаролар фойдасига 1 184 996 289 сўм пул маблағлари ундириб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида тайинланган бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдам пулларини 2020 йил давомида тўланганлик ҳолати Қашқадарё вилоят молия бош бошқармаси билан ҳамкорликда таҳлил этиб кўрилганда, вилоят бўйича жами 5 та туман (шаҳар)да 488 361 140 сўм миқдорида бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўланмай қолганлиги аниқланди.
Ушбу пул суммасини тўлаб берилишида амалий ёрдам беришни сўраб Адлия вазирлигига хат киритилиб, бугунги кунда ушбу пул суммаларини тўлаб берилиши тўғрисида Молия вазирлиги томонидан вилоят молия бош бошқармасига кўрсатма берилишига эришилди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бўлим томонидан жами 85 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 51 тасини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, 28 тасини оғзаки, 6 тасини ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари барчамиз учун энг олий қадрият ҳисобланади. Бирор бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди, чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бўлими бошлиғи
Э.Исмоилов