Янгиликлар
Коррупцияга қарши муросасиз кураш
Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг умумий стратегиясини амалга ошириш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бунда коррупция жиноятига қарши курашиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб бежиз таъкидламади.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Репсубликаси Қонунининг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5177-сон қарори ижроси юзасидан видеоконференция шаклида йиғилиш ўтказилди.
Вилоят раҳбари Зойир Мирзаев иштирок этган мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги бошқарма бошлиғи О.Рўзиев ва агентлик мутахассиси Б.Раҳмонов ҳамда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ў.Остановлар томонларидан мазкур Фармон ва қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан йиғилиш қатнашчиларига тушунча ҳамда кўрсатмалар берилди.