Янгиликлар
НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ ЯРАТИЛДИ
Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг2021 йил 25 июндаги “Нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 5161-сон қарори билан янада мустаҳкамланди.
Мазкур Қарор билан нодавлат таълим ташкилотларини фаолияти юритишда бир қанча имтиёзлар берилди.Хусусан,
– 2021 йил 1 июлдан бошлаб моддий-техник базани мустаҳкамлаш (автотранспорт воситаларини сотиб олишдан ташқари) ва таъмирлаш-тиклаш ишлари, шунингдек, ходимларни (ўқитувчиларни) қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тақдим қилиш. Бунда, компенсация аввал берилган кредитларга ҳам қарздорлик қолдиғига нисбатан татбиқ этилиши;
– 2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январга қадар таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача, бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг қонунчиликда белгиланган минимал ставкасининг 50 фоиз миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш назарда тутилган;
Шунингдек, мазкур Қарор билан, 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари:
– ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);
– таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни (иш ва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган имтиёзлар (қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи бўйича) татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.
Дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан ёзги таътил вақтида қуйидаги давлат мулки объектларининг нодавлат таълим ташкилотларига ижарага берилиши бўйича манфаатдор ташкилот ва идоралар вазифалар берилган:
– мактабдан ташқари таълим курсларини, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва олий таълим муассасалари бўш майдонларини;
– аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфларини;
Бунда, белгиланган курсларни ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотлари томонидан жалб қилинган ўқитувчиларнинг иш ҳақи харажатларининг бир қисми ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баробаригача миқдорида тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 2024 йил 1 январга қадар компенсация қилиниши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 5117-сон қарори билан қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилган.
Солиқ тўловчи томонидан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли халқаро уюшмага аъзо бўлиш учун аъзолик бадалларига ҳамда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириладиган ўзининг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.
Мазкур солиқ имтиёзлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробаригача бўлган суммага, шунингдек, ўқув курсидан муваффақиятли ўтган ҳамда тегишли халқаро уюшма аъзоси сифатида аъзолик бадаллари тўловини ва кўрсатилган хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда қўлланилади.
Мазкур имтиёзларнинг берилиши нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини янада кенгайтиришга, уларнинг ёшлар тарбиясида алоҳида ўрин эгаллашига, жамиятда нодавлат секторнинг фаолияти янада фаоллашишига олиб келади.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи
А. Худайбердиев