Янгиликлар
Ерга эгалик қилишнинг янги тартиблари белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6243-сон Фармони мазмун-моҳиятини ёритиш мақсадида Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясининг “Tahlil-24/7” дастури орқали очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқатда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Исоқов мазкур Фармон мазмун-моҳияти, уни қабул қилишдан асосий мақсад ҳамда фармон ижроси доирасида маҳаллий маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари фаолиятида кутилаётган ўзгаришлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтди.
Таъкидландики, ушбу фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан:
- ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
- ер участкалари давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танловорқалифақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
– барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
– кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Шунингдек, мулоқот давомида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш тартиби ва ҳолатлари, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилиниши, давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланганлиги айтиб ўтилди.
Мулоқотда ерлар эндиликда барча учун бир хил ва шаффоф тартибда ажратилиши, ерларни талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш камайиши, ер соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратининг самардорлиги ортиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.