Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Фермер хўжлиги соҳасидаги ислоҳотлар


Бугунги кунда фермер хўжаликлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи ҳамда фаолиятларини кенгайтиришга кенг имконият яратувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Хусусан, “Пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (398-сон, 22.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, кооперацияларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилмаётган бўш ер майдонларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захирасига ўтказилишини таъминлайди; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари кооперациялар ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

Кооперациялар пахтани қабул қилиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича самарали иш юритиш тизимини жорий қилади.Тегишли Ҳукумат қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига белгиланган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади. Кооперацияларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари ихтиёрий равишда аъзо бўлади. Кооперациялар аъзолари томонидан етиштирилган пахтани пахта тозалаш корхоналари томонидан қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатилади.

Қарор билан шунингдек, Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шунингдек, “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ–639, 29.09.2020 й).

Қонун билан Ер кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин.

Бунда, ушбу тоифадаги ерлар 1 йилгача муддатга иккиламчи ижарага берилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларини иккиламчи ижарага бериш тарафларнинг келишувига кўра, лекин ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасининг муддатидан илгари бекор қилиниши иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади (шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, фермер хўжалигига берилган ер участкалари қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

“Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки унинг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида вақтинча фойдаланишга бериши мумкин.

Муборак туман адлия

бўлими бошлиғи                                                                                                                   Ҳ.Ачилов