Янгиликлар
Қандай ҳолатларда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш рад этилади? Вазирлар
Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади:
а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад Низомда белгиланган мезондан ошганда;
б) идоралараро электрон ахборот тизими орқали олинган маълумотлар бўйича Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;
в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланилаётган:
ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;
жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситалари мавжуд бўлганда;
г) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;
д) ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда бозор қийматидаги қимматли қоғозлари мавжуд бўлганда;
е) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан аризалар тақдим этилганда;
ж) болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда такрорий ариза тақдим этилганда. Бунда такроран тақдим этилган ариза «Ягона реестр» АТга киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқилмасдан, аризачига рад жавоби аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС-хабарлар орқали мобил телефон рақамига жўнатилади;
з) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;
и) оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этганда;
к) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда.
Ушбу қоида:
бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилувчи оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);
таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи ўқиш ҳолатлари бундан мустасно);
ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга;
амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;
16 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда, отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга (ушбу маълумот Пенсия жамғармаси бўлими томонидан аниқлаштирилади);
чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига;
оиланинг “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида (ўзини ўзи бошқариш органининг оила таркиби ва иқтисодий аҳволи тўғрисидаги маълумотида ёритилиши лозим) оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;
суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида эканлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига;
туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.