Янгиликлар
Акция давом этмокда
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан 2021 йилнинг I ярим йиллиги давомида фуқароларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан акция ўтказиш бўйича тақсимот режаси ишлаб чиқилган.
Мазкур режага асосан жорий йилнинг март – апрель ойларида тегишли ташкилот ва идораларда ходимларнинг ойлик иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ берилмаётганлиги, иш ҳақидан ноқонуний ушлаб қолинаётганлиги ёки нотўғри ҳисобланаётганлиги, шунингдек бошқа меҳнат муносабатлари бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш юзасидан акция ўтказилди.
Акция давомида адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жами 418 та мурожаатлар иш юритувига қабул қилиниб, уларнинг 249 таси қаноатлантирилди, 105 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 9 таси тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатлари органларга юборилди, қолган 55 та мурожаатлар юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.
Мурожаатларнинг 191 таси ойлик иш ҳақини ўз вақтида ёки тўлиқ ололмаётганлиги, 19 таси иш ҳақи нотўғри ҳисобланаётганлиги, 4 таси иш ҳақлари асоссиз равишда ушлаб қолинаётганлиги ва 204 таси бошқа меҳнат муносабатларини ташкил этади.
Мурожаатларни ўрганиш давомида 77 та даъво аризаси, 3 та маъмурий таклиф, 31 та тақдимнома ва 71 та огоҳномалар киритилиб, уларнинг натижасида жами 292 772 778 сўм пул маблағлари фуқароларга ундириб берилди.
Хусусан, Нишон туман адлия бўлими томонидан фуқаро З. Узоқованинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига киритилган даъво аризаси натижасида фуқаро Нишон туман 2-сон касб-ҳунар мактабига ишлаб чиқариш таълим устаси вазифасига ишга тикланиб, унинг фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 2 727 117 сўм пул маблағи ҳамда 1 600 000 сўм маънавий зарар суммаси ундирилиши белгиланди.
Ғузор туман адлия бўлими томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ғузор туман бўлимининг бир неча ишчи-хизматчиларига коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинганлиги учун ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар 2020 йил декабрь ойи учун тўлаб берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлари бўйича тақдимнома киритилиб, жами 142 493 069 сўм тўловлар тўлаб берилди.
Қамаши туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ш. Абдиев ва бошқаларнинг “Toза xyдуд” ДУК туман филиалининг 22 689 074 сўмлик иш ҳақларини тўлаб бермаётганлиги ҳақидаги мурожаати юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судига киритилган даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.
Шунингдек, Ғузор, Муборак, Деҳқонобод ва Китоб тумани адлия бўлими томонидан ҳам “Toза xyдуд” ДУК туман филиаллари томонидан ходимларнинг ўз вақтида тўланмаган меҳнат иш ҳақларини тўлаб бериш чоралари кўрилди.
Бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, вилоят автомобиль йўллари бошқармаси ҳузуридаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга 550 000 000 сўмдан ортиқ иш ҳақлари тўланмаганлиги аниқланиб, натижада 3 та тақдимнома киритилди.
Шунингдек, фуқаро А. Аннақуловнинг мурожаатига асосан унинг манфаатини кўзлаб Чироқчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман судига иш ҳақларини ундириш тўғрисида киритилган ариза натижасида фуқарога 11 586 534 сўм ойлик иш ҳақларини тўлиқ ундириб бериш юзасидан суд буйруғи чиқарилди.
Миришкор туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ҳ. Хажилованинг бола парвариши таътилидан қайтгандан сўнг қайта ишга олинмаётганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига киритилган тақдимнома натижасида фуқаро Ҳ. Хажилова ўз вазифасини давом эттириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг
7 нафар ходимлари аризаларига асосан 31 634 000 сўм миқдоридаги ҳомиладорлик ва туғиш таътили бўйича нафақа пуллари ундириб берилди.
Фуқаро С. Ибрагимованинг санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат хизмати Яккабоғ туман бўлим томонидан бола парвариши таътилидан қайтгандан сўнг ўз ишга қабул қилинмаганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Яккабоғ туман адлия бўлимининг қонуний аралашуви натижасида фуқаро бўлимнинг бактериология лабараторияси лаборанти вазифасида ўз ишини давом эттирмоқда.
Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бўлими