Янгиликлар
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими фаолиятидан...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга асосан адлия органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш ҳисобланади.
Мазкур йўналишда бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бўлим томонидан 2021 йилнинг биринчи чораги давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 372 та мурожаатнинг 289 таси ҳал этилиб, шундан 73 таси ёки 20 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 25 фоиз) қаноатлантирилган, 216 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Шундан, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 71 та мурожаатнинг 68 таси ҳал этилиб, шундан 19 таси ёки 26.7 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 27.9 фоиз) қаноатлантирилган, 49 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасига кўра қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 7 та тақдимномалар киритилди. Натижада 3 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди ва фуқароларга жами 23 493 085 сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бўлим томонидан ҳисобот даврида 6 та даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан 2021 йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 25 та тақдимнома ва 6 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Натижада 7 та шахс интизомий жазога тортилди. Шу билан бирга, фуқаролар фойдасига 477 578 812 сўм пул маблағлари ундириб берилиши таъминланди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бўлим томонидан жами 32 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 18 тасини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, 11 тасини оғзаки ва 3 тасини ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари барчамиз учун энг олий қадрият ҳисобланади. Бирор бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди, чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди.