Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти эркинлиги янада такомиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 мартда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5012-сон қарори билан амалдаги қонун ҳужжатларига бир қанча ўзгартиришлар киритилди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача оширилди. Бунга қадар мазкур сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараварини ташкил этарди.
Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат божи ундирмаган ҳолда давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш тартиби жорий этилди. Шу пайтга қадар ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болаларнинг жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғим қонунчиликда белгиланган сумманинг (халқаро ННТ, халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиаллари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида; республика, вилоятлараро ННТ учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида; вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ННТ учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида) 50 фоизи миқдорида ундириларди.
Нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланиши белгиланиб, юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди.Шу пайтга қадар амалдаги қонун ҳужжатларига кўра нодавлат нотижорат ташкилоти юридик шахс мақомига эга бўлган ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмаларни ташкил этиши мумкин эди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари
ва Тошкент шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини жойлаштириш Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг тавсияномаси асосида амалга оширилиши белгиланди.
Бошқарманинг Нодавлат нотижорат ташкилотлар
бўлими бошлиғи А.Худойбердиев