Янгиликлар
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармонлари, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2020 йил 25 декабрдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг биринчи марта ўтказилаётган Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқларида бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқларида Учинчи Ренессанс, ёш волонтёрлар фаолияти, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент тажрибаси, «Ёшлар: 1+1» дастури, Ёшлар кичик саноат зоналари, «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси, тадбиркорликка ўқиган ёшларга 4 фоизлик кредитлар, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш каби устувор вазифаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган устувор вазифа ва функциялар ижроси самарадорлигини янада такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Ёшларни ижтимойи қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 132-сон қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 132-сон қарорининг қабул қилинганлиги давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг натижадорлигини оширишда муҳим стратегик аҳамият касб этади. Ушбу қарор “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга жуда кенг имкониятлар ва имтиёзларни тақдим этишни назарда тутади.
Аввало, мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад, ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишни назарда тутади.
Ушбу қарорга асосан, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 132-сон қарори билан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Қарор билан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилиши белгиланди:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетларида шаклланган қўшимча манбаларнинг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармонининг 12-бандида белгиланган тушумларнинг мазкур Фармонга 3-иловага мувофиқ миқдордаги қисми;
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Мазкур Низомга кўра, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши белгиланди:
“Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга.
Жамғарма маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида манфаатдор муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда Васийлик кенгаши тузилади ҳамда Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот беради. Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими Жамғарманинг ишчи органи этиб белгиланди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қарорнинг қабул қилинганлиги “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга жуда кенг имкониятлар ва имтиёзларни тақдим этиши билан биргаликда, Ўзбекистон Республикасида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучаётганлигини англатиш баробарида эртанги кунда мамлакатимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратади.
Қамаши туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Ш.Абдиев