Янгиликлар
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қандай?
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қатъий бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди. Бундай асосларга қуйидагилар киради:
Оила кодексининг 14 — 16-моддаларида белгиланган шартлар (никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги, никоҳ ёши, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар) бузилиши;
сохта никоҳ тузилиши, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирса;
никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ/ОИТС касаллиги) борлигини иккинчисидан яширса.
Жумладан, агар никоҳни тузиш вақтида шахс ўз ҳаракати моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги натижасида никоҳга киришга нисбатан ўзининг ҳақиқий розилигини бермаганлиги аниқланса, никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги шарти бузилган деган асос билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Сохта никоҳ тузган шахслар иш суд томонидан кўрилгунга қадар амалда оила қурган бўлсалар, бундай никоҳ эр-хотин ҳуқуқларини қўриқлаш мақсадида сохта деб топилиши мумкин эмас.