Янгиликлар
Сайёр қабулда мурожаатлар жойида ҳал этилди
Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг 10-13 март кунлари мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов раҳбарлигида суд, прокуратура, ички ишлар, адлия ва божхона органларининг мутасаддилари иштирокида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Сайёр қабулларда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ў.Останов ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланмоқда.
Ғузор, Яккабоғ тумани ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларида ўтказилган сайёр қабуллар давомида бир нечта мурожаатлар жойида ҳал этилди.
Хусусан, Ғузор туманида фуқаро Д.М.нинг 9 ёшли фарзандига туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштириб берилди.
Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи фуқаро Ю.С.га нотариус томонидан расмийлаштирилган васиятнома дубликати давлат хизматлари маркази орқали олиб берилди ҳамда икки нафар фуқароларга туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари расмийлаштирилишида амалий ёрдам берилди.
Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро О.М.нинг 1980-1989 йиллар орлиғидаги меҳнат фаолияти Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан фуқаронинг фамиляси ўзгарганлиги сабабли иш стажига қўшиб ҳисобланмаганлиги юзасидан мурожаати Шаҳрисабз туман адлия бўлими томонидан ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, фуқаро А.Б.нинг 13 ва 10 ёшли фарзандларига туғилганлик гувоҳномалари олиб берилди.
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида ташкил этилган сайёр қабуллар натижаси, албатта, ўз ижобий самарасини бермоқда.