Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан МАЪЛУМОТ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги
ПҚ-3666-сон қарорига асосан адлия органларининг асосий вазифаларидан бири давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш ҳисобланади.

Мазкур вазифадан келиб чиқиб, адлия бошқармаси томонидан Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 2864, 28.02.2017 йил) ижроси юзасидан 2020 йил давомида адлия бошқармаси ҳузуридаги юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалалари бўйича келишиш комиссияси томонидан 61 нафар юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш бўйича суҳбат ўтказилиб, натижасига кўра 41 нафар юридик хизмат ходимларига розилик берилган бўлса, 20 нафар номзод суҳбатдан ўтмаган деб топилган.

Бундан ташқари, 25 нафар юридик хизмат ходимлари бўйича лавозимдан озод этишга келишиш амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил
22 ноябрдаги 244-сонли қарори билан тасдиқланган Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги Низом ижроси бўйича 2020 йил давомида 34 нафар юридик хизмат ходимларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малкасини ошириш маркази томонидан ташкил этилган масофавий таълим усуллари орқали малака ошириш курсини якунлаб, малака сертификатларига эга бўлишди

Аттестациядан ўтиш муддати келган 39 нафар юридик хизмат ходимларидан 36 нафари аттестациядан ўтган бўлса, 3 нафари аттестациядан ўтмаган деб топилган.

Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 2920, 28.08.2017 йил) ижроси бўйича бошқарма томонидан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимларига мартаба даражаси бериш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилиб, 2020 йил давомида 45 нафар юридик хизмат ходимларига мартаба даражаси бериш бўйича Адлия вазирлиги марказий аттестация комиссиясига тавсиялар киритилиб, шундан 45 та нафар юридик хизмат ходимларига мартаба даражаси берилди.

Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар (рўйхати рақами
2863, 28.02.2017 йил) ижроси бўйича минимал талабларга давлат органлари ва ташкилотлар томонидан риоя этилаётганлиги юзасидан мониторинглар ўтказилиб, мониторинглар жараёнида жами 398 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан ҳамда келгусида қонун бузилишларга йўл қўймаслик юзасидан 5 та маъмурий таклиф, 32 та тақдимнома, 79 та огоҳнома киритилиб, бунинг натижасида 5 нафар ходим маъмурий жавобгарликка, 16 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.

Норма ижодкорлиги соҳасида.

Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири туман (шаҳар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳисобланади.

Мазкур вазифадан келиб чиқиб, адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 115 та қарор лойиҳалари ишчи тартибида амалий ёрдам берган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунчиликка мувофиқлиги доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Хусусан, 2020 йил давомида ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижасида ҳокимликлар томонидан 334 та қарорлар қонун ҳужжатларига зид қабул қилинганлиги, 60 та қарор ва фармойишлар норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлсада, адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилинганлиги аниқланиб, уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш ёки бекор қилиш юзасидан 171 та тақдимномалар киритилди.

Киритилган тақдимнома натижасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 334 та қарор ва фармойишлари бекор қилиниб, қонун ҳужжатлари талабига мувофиқлаштирилди.

Бошқарма ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш масалалари юзасидан доимий равишда ҳуқуқий маслаҳатлар, йўналиш ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатлари билан ишлаш соҳасида 2020 йил давомида бўлимга 34 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, ушбу ариза ва шикоятлардан 8 таси қаноатлантирилган, 19 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 3 таси тегишлилиги бўйича юборилган.