Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

“Одам савдоси –инсон эркинлигига таҳдид”


Республикамизда инсон хуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланиб, инсон хуқуқлари ва эркинликларини таъминланишининг кафолатлари амалдаги қонун ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Асосий бош Қомусимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддаси кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиб, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашуви ҳамда ҳозирги глобаллашув даврида миграция кўламининг кенгайиши натижасида табиий равишда республикамизда жиноятчиликнинг янги ва мураккаб турлари вужудга келди.

Хусусан, трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг энг хавфли турларидан бири одам савдоси бўлиб, бу жиноят чегара танламаслиги ҳамда домига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётгани билан дунё ҳамжамиятида катта хавотир уйғотмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, кўпгина хорижий давлатлар билан иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий соҳаларда хамкорлик ўрнатилиб, ўз ўрнида юртимиз фуқораларини хорижий давлатларга бемалол чиқиб келишлари учун қулай имкониятлар туғдирди.

Бундай имкониятлардан айрим кимсалар ўзларининг қабих манфаатлари йўлида фойдаланиб, фуқороларимизни турли алдов ва фирибгарлик йўли билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқдалар ва натижада баъзи фуқароларимиз одам савдоси қурбонига айланиб қолмоқда.

Хозирги кунда глобал тус олаётган, одам савдоси хақида гапириладиган бўлсак, бу жиноят тури йиллик пул айланмасига кўра, наркотик моддалар ва ноқонуний қурол яроғ савдосидан кейин учинчи ўринда туради.

Одам савдоси - бу инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати ва келажагига тахдид солаётган оғир жиноятлардан бирид ҳисобланиб, ушбу жиноий фаолият асосини инсонни хўрлаш, камситиш, қулликда сақлаш, мажбурий меҳнатга жалб этиш ва бошка жирканч ва қабих қилмишлар ташкил этади. Одам савдоси жинояти трансмиллий хусусиятга эга бўлиб, чегара билмас хусусиятга эга эканлиги жуда хавотирлидир.

Шу боис ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб бориш, бунда ҳам мамлакат ичида бирлашиш, ҳам давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда етарлича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланган, шунингдек, хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашишга қаратилган 30 га яқин шартнома ва келишувлар имзоланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси 2003 йил 12 декабрда БМТнинг 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фохишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенциясига қўшилди, БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил
15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияси ратификация килинди.

Шунингдек, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниб (17.08.2020 йилда ЎРҚ-633-сон Қонун билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янги таҳрирда қабул қилинган) , ушбу қонунда одам савдосига қарши курашиш тизимини ташкил этиш тартиби, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, шунингдек, одам савдоси жинояти жабрланувчиларининг ҳимояси ва ижтимоий-ҳуқуқий реабилитацияси масалаларига оид нормалар мустаҳкамланган.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий – ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 14 мартда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-2833-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан одам савдоси билан боғлиқ ва бошқа турдаги жиноятчиликнинг профилактикасини амалга ошириш давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг устувор вазифаси эканлиги белгилаб берилди десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, ушбу қарор билан “Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисида”ги низом ҳамда Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Таркиби тасдиқланди.

Шахрисабз шаҳар адлия бўлими томонидан Одам савдоси жиноятининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида шаҳардаги барча умумтаълим мактабларида, лицей ва коллежларда, маҳаллаларда аҳолининг ва ёш авлоднинг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини янада жонлантириш масаласи алоҳида назоратга олинган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизда ушбу жиноятга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамкорликда курашаётгани келгусида ўз самарасини бермасдан қолмайди.

 

Шахрисабз шаҳар адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси

Муқимов Султон Салимович