Янгиликлар
Футбол бўйича “Адлия кубоги” ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сон Фармони ҳамда адлия вазирининг 2020 йил 14 октябрда тасдиқланган “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом овқатланиш турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар” Дастурига асосан вилоят адлия бошқармасида ҳар ҳафта оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш белгиланган.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари иштирокида “Адлия кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Ходимлардан шакллантирилган “Фемида”, “Ҳуқуқшунослар”, “Максимус”, “Адлия ёшлари” ва “Адолат” жамоалари, жами бешта жамоалар ўзаро куч синашди.
Қуръа ташлаш йўли билан жамоалар ўйинлари кетма-кетлиги аниқланди.
Қизғин ва шиддатли баҳс натижасида биринчи ўринни “Адлия ёшлари” жамоаси, иккинчи ўринни “Фемида” жамоаси, учинчи ўринни “Адолат” жамоаси қўлга киритди.
“Fair Play” (ҳалол ўйин) номинацияси бўйича “Ҳуқуқшунослар” жамоаси, “Энг яхши тўп урар” номинацияси бўйича “Фемида” жамоаси аъзоси Ў.Азимов, “Энг яхши ўйинчи” номинацияси бўйича “Адолат” жамоаси аъзоси Р.Рахмонов, “Энг яхши дарвозабон” номинацияси бўйича “Максимус” жамоаси аъзоси Ж.Холмуродов муносиб деб топилди.
Ғолибларга бошқарманинг кўчма кубоги, медаллар ва ҳар бир жамоа ва ўйинчиларга совғалар тақдим этилди.
Ўйинга ташриф буюрган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳам жамоаларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.