Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Медиация – низоларни ҳал этишнинг самарали муқобил усули


Давлатимиз томонидан фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтни яратиш мақсадида 2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасида “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг асосий мақсади жамиятда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги низоларни тартибга солишда муқобил усулларни ривожлантиришнинг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш ҳамда судларда иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан,
тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган
бўлса, татбиқ этилади.

Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, қуйидаги тушунчаларга изоҳ берилади:

медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули;

медиатор – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;

медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув – низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви ва бошқа тушнчалар.

Қонунда медиация иштирокчилари тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши ҳамда медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин. Унда Медиация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Медиаторга доир талаблар, Медиаторнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги бўйича айтилган.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади. Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёки муайян низолар медиация
тартиб-таомилини амалга ошириш йўли билан ҳал этилиши кераклиги ҳақидаги қоида бўлиши лозим.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда низо предмети ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларда тарафларнинг иштирок этиш шартлари ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши мумкин. Медиация
тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади. Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат
этишга ҳақли.

Медиация соҳасида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. Медиация тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг “Медиаторларни тайёрлаш дастурини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилиниб, ушбу буйруқ билан медиаторларни тайёрлаш дастури тасдиқланиб, ушбу дастур бўйича махсус ўқув курслари вазирлик қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ташкил этилиб ўқитиб келимоқда.

Марказда низоларни судгача ҳал этишнинг муқобил усули сифатида медиация институтининг ўрни ва аҳамиятини ошириш борасида юқори малакали ходимлар томонидан мутахассисларга билим ва куникмалар бериб борилмоқда.

Шунингдек, махсус ўқув курсини тамомлаб, Профессионал медиаторлик сертификатини олган мутахассислар Адлия вазирлигининг Профессионал медиаторлар реестрига киритилган ҳолда медиаторлик фаолиятини амалга ошириб келмоқдалар.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга оширади.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс, бундан нотариуслар мустасно, муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс, ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс медиатор бўлиши мумкин эмас.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, медиация институти жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик, меҳнатга оид ва иқтисодий низоларни ўзаро мақбуллаштириш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

                                                                             

 

Ҳуқуқий ҳизмат кўрсатишни

давлат томонидан тартибга солиш

бўлими катта маслаҳатчиси                                                             Ж.Норов