Янгиликлар
“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди
Геном бўйича давлат рўйхатига олиш – биологик материални олиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ва йўқ қилиш, шунингдек одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида геномга оид ахборотга ишлов бериш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган, давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган фаолият.
Геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва муассасалари қуйидагилардан иборат:
терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва суд;
Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари.
Ички ишлар вазирлиги геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Геном бўйича давлат рўйхатига олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- биринчи босқичда биологик материални олиш амалга оширилади;
- иккинчи босқичда биологик материалдан геномга оид ахборот олинади;
- учинчи босқичда геномга оид ахборот Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига киритилади.
Геном бўйича давлат рўйхатига олиш турлари
ü ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш
ü мажбурий равишда давлат рўйхатига олиш
Геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш Ўзбекистон фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ёзма аризасига кўра пулли асосда амалга оширилади.
Бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.
Қуйидагилар геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олиниши лозим:
o оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;
o оғир, ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар;
o биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслар;
· таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари).
Геномга оид ахборотдан фойдаланиш
Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган геномга оид ахборотдан:
жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
биологик қариндошликни аниқлаш мақсадларида фойдаланилади.
Ушбу Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.