Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Тилга ҳурмат — элга ҳурмат!


Тил тараққиёти жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, қачонки тил давлат томонидан ҳуқуқий муҳофазага олингандагина у ҳақиқий равнақига эришиши мумкин. Кейинги йилларда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлат тили масаласига эътиборнинг кучайтирилиши халқимиз дилидаги истакларининг бири бўлди. Бугун халқаро майдонда дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият сифатида баҳоланмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар ва ўзгаришлар баробарида, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлиги диққатга сазовордир.

Жумладан, 2019 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорининг эълон қилиниши эса бу борадаги ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилган масала эканлигининг далолатидир.

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов тил ҳақида бундай деган:

 “Она тилим, сен борсан, шаксиз

Булбул куйин шеърга соларман.

Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қолурман”.

 Ҳа, ҳар бир шахснинг айтар сўзи ва ҳис туйғуларини ифодалашга ўз тили бўлмоғи зарур. Йўқса, шоир айтганидек тўтидан ҳеч қандай фарқи қолмайди. Бизни ўз сўзимизни ўз тилимизда айтишимизни таъминлаш йўлида қанчадан-қанча аждодлар жон фидо қилдилар! Энди ўша аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, жонажон тилимизни кўз қорачиғимиздек ҳимоя қилиш бизнинг шарафли вазифамиздир.