Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Конституциямизнинг яратилиши тарихи


Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.

Конституциявий комиссия томонидан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳаси тайёрланди.

Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди.

Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди ҳамда Ўзбекистонда демократия ривожининг самарали ва амалий мактаби бўлди.

Муҳокамада мамлакатимиз катта ёшдаги аҳолисининг деярли ҳаммаси иштирок этди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди.

Конституция лойиҳаси ўтказилган муокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида анча тузатилди ва қайта ишланди. Сўнгра, 1992 йил
21 ноябрда умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда чоп этилди.

Шундай қилиб, ҳуқуқий прецедент – икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий Қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳасининг ўзи кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.

Мазкур акциянинг, яъни Конституция лойиҳасини икки босқичда муҳокама этиш учун матбуотда эълон қилинишининг маъноси шундан иборат эдики, фуқаролар Конституциянинг қайта ишланган вариантида Конституция лойиҳасини муҳокама қилишдаги ўз иштирокларининг натижасини кўра олдилар.

Конституция лойиҳасининг янги вариантида умумхалқ муҳокамасининг дастлабки босқичида келиб тушган кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўз ифодасини топди. Фуқароларимиз Конституциявий комиссия томонидан уларнинг овози эшитилганига, таклифлари тегишли равишда кўриб чиқилиб, инобатга олинганига ишонч ҳосил қилдилар.

Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциявий комиссия хорижий конституциявий тажрибага мурожаат қилиб, Асосий Қонуннинг ролини яхлит тушунишдан келиб чиқди.

Бунда жаҳон конституциявий тажрибасинининг бир қатор илғор жиҳатлари ҳисобга олинди. Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.

Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди.

Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.