Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Фармонга кўра...


Ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сон Фармони қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги зиммасига қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди:

жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш;

барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;

қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;

маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш;

адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга тушириш.

Вазирлик 2020 йил якунига қадар қуйидагиларни амалга оширади:

- вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш;

- давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;

- 2018-2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш,

- электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини
12 фоизга етказиш;

- аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;

- нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш;

- 29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш.

Вазирлик амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

2020 йил 1 июлдан бошлаб:

- хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солинишини тақиқланди;

- жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгиланди;

- идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймайди;

- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўймайди;

- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни Вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ва кучга кириш тартибини амалиётга жорий этилди.

Қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил
1 январгача:

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилди (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно);

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

Вазирликнинг давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:

Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этилди.