Янгиликлар
Хайрли ишлар натижаси
Адлия органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилишни янги даражага кўтариш,аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва ҳуқуқий ҳамда амалий кўмак бериш мақсадида “Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан “Темир дафтар” рўйхатига киритилган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг саволларига ҳуқуқий жиҳатдан ёндошган ҳолда тушунтиришлар берилмоқда. Мавжуд муаммолари юзасидан қонуний ечими ҳақида маслаҳат берилмоқда, ваколат доирасидаги мурожаатлар бўйича ўрганишлар ўтказилмоқда.
Вилоят адлия бошқармаси ҳамда Деҳқонобод туман адлия бўлими ходимлари ҳамкорлигида тумандаги “Нодира” МФЙда ўтказилган тадбир давомидашу маҳаллада яшовчи 2-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро А.Ф. қўлтиқ таёққа муҳтож эканлиги, туманнинг тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбасига бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсада, натижа бўлмаганлигини билдирган эди.
Ушбу мурожаат юзасидан туман адлия бўлими ходимларининг қонуний аралашуви натижасида фуқаронинг истаги амалга оширилди.
Касби туман адлия бўлими томонидан ҳам “Оққамиш” МФЙда яшовчи аҳоли вакилларига бепул маслаҳат бериш мақсадида 28 та хонадонга борилди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Четдан назар ташлаганда кичкинадек туюлган натижалар аслида фуқаролар учун анча вақтлардан буён ҳал этилмай келаётган муаммо ёки жавобсиз қолаётган саволлар бўлиши мумкин.
Адлия органлари томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар аҳоли томонидан муносиб баҳоланмоқда.