Янгиликлар
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими фаолиятидан...
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги
ПҚ-3666-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан адлия органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш ҳисобланади.
Мазкур йўналишда бошқарманинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, бўлим томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 858 та мурожаатнинг 676 таси ҳал этилиб, шундан 205 таси ёки 24 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 30 фоиз) қаноатлантирилган, 471 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Шундан, бошқарманинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 150 та мурожаатнинг 142 таси ҳал этилиб, шундан 31 таси ёки 20.6 фоизи (кўриб чиқилган мурожаатларга нисбатан 21.8 фоиз) қаноатлантирилган, 111 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасига кўра қонун ҳужжатлари ижросининг бузилиши, унинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 23 та тақдимномалар киритилди. Натижада 8 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди ва фуқароларга жами 171 308 093 сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Бўлим томонидан ҳисобот даврида жами 234 518 148 сўмлик 11 та даъво аризалари киритилиб, киритилган даъво аризалар натижасида фуқаролар фойдасига 176 554 455 сўм ундириш бўйича суд қарорлари чиқарилишига эришилди.
Бундан ташқари, бўлим томонидан 2020 йил биринчи чораги давомида ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 57 та тақдимнома ва 15 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Натижада 14 та шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жазога тортилди. Шу билан бирга, фуқаролар фойдасига 3 937 120 505 сўм пул маблағлари ундириб берилиши таъминланди.
Мисол учун, Ғузор тумани, “Чақар” МФЙ, “Эскибоғ” қишлоғи 2/47-уйда яшовчи фуқаро Н.Рахимқуловнинг Ғузор туман ҳокимлиги томонидан савдо дўкони бузиб юборилиши натижасида етказилган зарар тўлаб берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилиб, натижаси бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг 2020 йил
16 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Ғузор туман ҳокимлигидан фуқаро Н.Рахимқуловнинг фойдасига 110 495 455 сўм етказилган зарар тўлаб берилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида бўлим томонидан жами 102 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилган бўлиб, шундан 61 тасини оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар, 36 тасини оғзаки, 5 тасини ёзма ва кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари барчамиз учун энг олий қадрият ҳисобланади. Бирор бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди, чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бўлими бошлиғи
Э.Исмоилов