Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

АДЛИЯ БЎЛИМЛАРИ – ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ ХИЗМАТИДА


Ўтаётган вақт барча адлия органлари ва унинг тизимидаги идоралар учун чинакам масъулият даври бўлмоқда. Чунки адлия тизимининг ҳар бир ходими адлия вазирлигига коррупцияга қарши кураш рейтинги бўйича билдирилган юксак ишончни оқлаши ва унга муносиб бўлган ҳолда фаолият олиб бориши лозим.

Энг аввало, адлия тизимидаги барча идораларнинг иш фаолияти “Очиқ адлия” тамойилига асосланганлиги, ишга қабул қилиш ва танлов  жараёнларининг шаффоф ва ошкоралиги таъминланганлиги, очиқ ва онлайн мулоқотлар имконияти яратилганлиги, уйма-уй ва манзилли тарғиботларга катта аҳамият қаратилганлиги, фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотнинг ўрнатилганлиги адлия органларига бўлган ишончни соат сайин мустаҳкамламоқда.

Қарши туман адлия бўлими томонидан 2020 йил давомида
ташкилотларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан 69 та таҳлил ва ўрганишлар ўтказилиб, 5206 дан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган ва аниқланган қонун бузилиши ҳолати бўйича жами 100 та тақдимнома киритилган бўлиб, тақдимномаларнинг кўриб чиқилиши натижаларига кўра 49 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилган, 20 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ҳамда 406 та юридик шахслар қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилган. Ноқонуний қабул қилинган 32 қарорлар бекор қилиниб, қонун устуворлиги таъминланган.

Хукуматимиз томонидан янги қабул қилинган 930 та қонун хужжатлари давлат органлари ва ташкилотларининг туман тузилмаларига етказиб берилган.

Бўлим ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ва бошқа режа-жадвалларга асосан 943 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган,шундан 85 таси уйма-уй кириб бориш орқали ўтказилган тарғиботлардир.

Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, гендер тенглик, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, мигрантлар ҳуқуқлари билан боғлиқ тарғиботлар таълим муассасаларида, маҳаллаларда, профилактик ҳисобга олинганлар ҳамда мигрантлар хонадонларида манзилли шаклда ташкил этилди.

Адлия идораларининг муҳим вазифаларидан бири фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмакчи бўлишдир. Бу вазифа юзасидан адлия бўлимлари томонидан юзлаб мурожаатлар қабул қилиниб, ўзининг ечимини топмоқда.

Ўтган давр давомида Қарши туман адлия бўлими томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳусусан, 2020 йилнинг 9 ойи давомида бўлим томонидан жисмоний ва юридик шахс вакилларидан келиб тушган жами 169 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, улардан 144 таси қаноатлантирилди, 17 та мурожаатлар юзасидан муаллифларга батафсил тушунтиришлар берилди.
18 нафар фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан судларга аризалар ва даъво аризалари киритилди.

Ҳусусан, бўлим томонидан Қарши туман Ҳилол МФЙда яшовчи фуқаро Джўраев Абдусатторни исми фамилияси нотўғри ёзиб кетилганлиги оқибатида 21 йиллик иш стажлари инобатга олинмаётганлиги, шу сабабли пенсия тайинлаш учун бир қатор муаммоларга дуч келаётганлиги сабабли мурожаат муаллифининг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига юридик фактни белгилаш тўғрисида ариза киритилиб, фуқаронинг қонуний манфаатлари таъминланди.

Шунингдек, Қарши туман Манғит МФЙда яшовчи Санаев Алиқул Хуррамовични 2003 йилда туғилган фарзанди Хуррамова Мамлакатнинг ҳозирга қадар туғилганлиги қайд этилмаганлиги юзасидан мурожаати ўрганилиб, амалий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига фуқаронинг манфаатини кўзлаб киритилган ариза қаноатлантирилиб, ҳозирда 17 ёшга тўлган фуқаро Хуррамова Мамлакатнинг туғилишини қайд этилишида, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлишида кўмак кўрсатилди. 

Мурожаатларнинг аксарият қисми шахсий қабуллар жараёнида қабул қилинган. Ҳудудлар буйича таҳлил қилинганда, туманнинг Кўчкак, Дашт, Жумабозор, Поштон, Боғобод, Мевазор ҳудудларидан мурожаатлар нисбатан кўпроқ келиб тушганлиги ушбу ҳудудларда режали равишда манзилли тарғиботлар ташкил қилиш учун асос бўлди. Ходимлар томонидан ушбу ҳудудларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, нафақа тайинлаш, кредитлар ажратиш тартиби, тадбиркорликни ташкил этиш тартиби юзасидан тарғибот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
13 апрелдаги ПҚ–3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги Низом”га талабларига мувофиқ бошқа фаолият билан боғлиқ бир қанча режали ишлар амалга оширилган.

 

Рисолат Абдуллаева

 Қарши тумани Адлия бўлими бошлиғи