Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Онлайн тарзда мулоқот ташкил этилди


Қашқадарё вилоят адлия бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган махсус дастурнинг ижроси ва эришилган натижалар юзасидан онлайн мулоқот ташкил этилди.

ZOOM-конференция орқали бўлиб ўтган мазкур тадбирда ҳуқуқшунос мутахассислар, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Тадбир давомида Фармон билан Президентнинг 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинганлиги, Олий Мажлис палаталари, Президент, Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлаш мезонлари белгиланганлиги таъкидланди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиётини жорий этилганлиги, Президент ва Ҳукуматнинг расмий саналарни нишонлашда ишланмайдиган кунни белгилаш, дам олиш кунини кўчириш ҳамда тадбирларни ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларини йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилинганлиги ва қонунчилик базасини хатловдан ўтказиш ва уни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилиши ҳақида сўз юритилди.

Бундан ташқари, тадбирда Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган махсус дастурнинг ижроси ва эришилган натижалар хусусида тушунтириш берилди.

Адлия вазирлиги фаолиятининг барча йўналишлари бўйича “CERT INTERNATIONAL” халқаро ташкилоти (Словакия) томонидан ўрганилганлиги ва ўрганиш натижасида вазирлик Ўзбекистоннинг давлат органлари ичида биринчи бўлиб ISO 37001:2016 фаолиятининг барча йўналиши “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланганлиги ва халқаро реестрга киритилганлиги ҳамда буни тасдиқловчи сертификатга эга бўлганлиги таъкидланди.