Янгиликлар
Қонунчиликдаги янгиликлар
Қарорга кўра, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
· қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;
· қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш;
· озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда «Даладан истеъмолгача» тамойили асосида сифат назоратини кучайтириш, агрологистика, йўл ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш;
· экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
· қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
· ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;
· соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширилади, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини ҳамда натижадорлигини таъминлайди.
Жаҳон банкидан олинган маблағлар Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда тижорат банкларига берилган ресурсларнинг қайтиши ҳисобидан қайтарилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, уни бошқариш, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Кредит линиясини бошқариш, Жаҳон банкининг маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига юклатилади.