Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Меҳнат мигрантларига яна имкониятлар


          Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон республикаси Президентининг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”га ПҚ–4829-сон қарори қабул қилинди.

          Қарорга мувофиқ, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади.

Хорижда ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш мазкур тизимнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

 

Қарорга кўра:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларига умумий раҳбарлик қилади;

Ҳудудий филиал раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёрдамчиси ҳисобланади;

Ҳудудий филиаллар хорижий иш берувчилар билан келишувлар тузади ҳамда хорижга фуқароларни ишга юборади.

 

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими”га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;

микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 млн сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади;

микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

Меҳнат мигрантларига ўзини ўзи банд қилган шахсларга белгиланган пенсия ҳисоблаш тартиби қўлланилади

Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча ишлаш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади ва унга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.

 

2021 йил 1 январга қадар:

-  Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома (патент) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади;
          -  Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида мазкур давлатлардаги адвокатлик ташкилотлари билан битимлар тузилади;
           -  Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа, Чимкент ва Истанбул шаҳарларидаги ваколатхоналари очилади.

Чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган фуқароларга тўланадиган бир марталик моддий ёрдам миқдори БҲМнинг 2 бараваригача кўпайтирилади (илгари БҲМнинг 1 баравари эди).

Шунингдек, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича онлайн платформа яратилади ҳамда Россия Федерациясида “Call-марказ” ташкил этилади.

 

2021 йил 1 январдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими”га киритилган кам таъминланган оила аъзоси хорижда вақтинча ишлаб қайтиб келганда:

БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда субсидия тўланади;

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси масалалари бўйича мурожаатларни қабул қилувчи “1282” қисқа рақамли ишонч телефони ташкил этилади.