Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Волонтёрлик фаолияти тўғрисида


Волонтёрлик фаолияти тўғрисида

 

2019 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Волонтёр деганда волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс деб тушунилади. Волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда ўн нафаргача кишидан иборат бўлган жисмоний шахсларнинг ихтиёрий гуруҳи волонтёрлар сифатида белгиланиб, уларнинг қонуний манфаатлари тартибга солинди.

Волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.

Шунингдек, волонтёрлик фаолиятининг асосий вазифалари фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам кўрсатиш, волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш ҳамда фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олишдир.

Юртимизда хукм сураётган пандемия шароитида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда кўмакка муҳтож аҳолига маънан ва руҳий жиҳатдан рағбат беришда волонтёрлик гуруҳлари фаолияти сезилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг пандемияга қарши курашда фаоллиги талаб этилмоқда. Бунда қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланмоқда.

Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан “Facebook”, “Телеграм” ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали гуруҳ аъзолари хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашмоқда ва беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширилмоқда.

Шунингдек, коронавирус тарқалган бир пайтда беморлар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган call-марказларда уларнинг ёрдами каттадир.

Волонтёрлик фаолияти билан шуғулланиш мазкур қонунга мувофиқ амалга оширилиши белгиланган. Унда волонтёрларнинг ҳуқуқлари, ваколатлари ва ушбу соҳадаги муносабатлари аниқ мустаҳкамланган. Қонуннинг аҳамиятли жиҳати бу волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида тузиладиган шартномадир. Яъни волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига
20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шартлиги ҳамда волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилиши ва улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, бугунги синовли кунларда волонтёрлик фаолияти билан шуғулланиш гуруҳ аъзоларининг ҳизматлари беқиёсдир. Уларнинг инсонпарварлик, бағрикенглик ва беғаразлик каби фазилатларни кўришимиз мумкин ва хизматларини юқори баҳолашимиз лозимдир.

 

Қашқадарё вилоят

адлия бошқармаси масъул ходими Н.Саттарова