Янгиликлар
Васий қандай тартибда тайинланади?
Қайинсинглим ва унинг турмуш ўртоғи бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этишди. 2 нафар вояга етмаган фарзандларини амакиси (яъни, куёвимизнинг укаси) ўз тарбиясига олмоқчи, бунинг учун у васий этиб белгиланиши керак экан. Васий қандай тартибда тайинланади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, васийлик ёки ҳомийлик бўйича мажбуриятларни бажариш учун туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан васий ёки ҳомий тайинланади. Фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин, бунинг учун улар туман (шаҳар) ҳокими номига васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдириб, ёзма ариза билан мурожаат қилади.
Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олиниши лозим.
Яшаш жойидан қатъи назар, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг қариндошлари, у яшаётган оиланинг шахслари, ака-укаларни ва опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини узмасдан васийликка ёки ҳомийликка олаётган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари васий ёки ҳомий этиб тайинланишда имтиёзли ҳуқуққа эга.