Янгиликлар
Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизми
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 17 июнь куни “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4754-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:
- Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш Апелляция кенгашининг вазифаларидан биридир.
Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади.
Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса 3 кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.
Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин.