Bog'lanish

Telefon
(+998 75) 230-01-76

Elektron manzil
qashqadaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Хотин-қизлар ҳимояси кучайтирилди


Мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сон Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Мазкур Қонун 35-моддадан иборат бўлиб, Қонунда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимиятининг, ички ишлар органларининг, Меҳнат органларининг, таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасаларининг, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларининг, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши белгилаб берилган.

Қонуннинг 21-моддасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турлари белгиланган бўлиб, уларга қуйидагилар киради:

профилактика суҳбатини ўтказиш;

ҳимоя ордерини бериш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;

зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Шунингдек, Қонуннинг 23-моддасида Ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш белгиланган бўлиб, унга кўра Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.

Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерини бериш, узайтириш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат уни берган ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

 

Муборак туман адлия

бўлими бошлиғи Ҳ.Ачилов