Янгиликлар
ИШ СТАЖИМГА ҚЎШИЛАДИМИ...?
Савол: Мен ҳозирги карантин шароитида ўз уйимда олий ўқув юртига кирувчи абитуриентлар учун 3 та гуруҳга бўлган ҳолда тарих фанидан дарс машғулотларини (репетиторлик) ўтяпман. Айтингчи, мени дарс машғулотларини ўтадиган вақтим иш стажимга қўшиладими? Агарда қўшилса қандай ҳолларда ва тартибда қўшилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-4742-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур қарорда 2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати келтирилган бўлиб, Уйда репетиторлик қилиш — болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ҳамда гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш каби фаолият билан шуғулланадиган шахслар ҳам бу рўйхатга киритилган.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб жорий этилиши белгиландики, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилиниши, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлаши ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилиши ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланиши белгилаб қўйилган.
Демак, Сиз юқоридаги қарор талабларига асосан, уйингизда таълим фанларидан гуруҳ бўлиб репетиторлик ўтиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бўлсангиз, бу давр умумий меҳнат стажига қўшилишини маълум қиламиз.
Саволга Қарши туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси Исмоилов Зуфар Абдизокир ўғли жавоб берди.