Янгиликлар
Адлия органлари ва муассасалари фаолияти янада такомиллаштирилди
Барчамизга маълумки, жамият ҳаётининг турли соҳаларида
амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Шу маънода, мамлакатимизда ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакиллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакади юридик ёрдам кўрсатиш борасида адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида изчил ва босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сонли “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши билан бирга соҳага оид ишларни янги босқичини бошлаб берганлиги билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Фармон билан Адлия вазирлиги зиммасига қатор қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.
Жумладан, вазирлик адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этилиши ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга туширилиши белгиланди.
2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси ва концепцияни 2020–2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Шунингдек, Фармон билан 2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.
Вазирлик томонидан 2020 йил якунига қадар шу жумладан қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминлайди:
ишлаб чиқиладиган қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказади;
давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;
2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш;
электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини
12 фоизга етказиш;
аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;
нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш;
29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш белгиланди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиниши кўрсатилган.
Фармонга кўра, Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Эндиликда, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради.
Жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади.
Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб:
хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши тақиқланади;
жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади;
идоравий қонун ҳужжатларига жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмайди;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради.
Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда “пакет” принципи жорий қилинади. 2020 йил 1 июлдан бошлаб қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қуйидагиларни назарда тутувчи “пакет” принципи жорий қилинади:
• янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга киради;
• янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;
• вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритади;
Адлия вазирлигига Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади, бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим.
Фармонга кўра, қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил
1 январгача идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилади.
(Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно.)
Идоравий қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.
Эксперимент тариқасида юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Фармонга кўра, Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси ва Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилди.
Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.
Мазкур Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.
Улар тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.
Эксперимент натижасига кўра ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ДУК ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти негизида вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилади. Марказ аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, шунингдек, қонун ҳужжатлари матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади.
“Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти амалдаги хизмат кўрсатиш соҳаларини сақлаб қолган ҳолда фаолият юритилиши назарда тутилди.
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи
Н.Саттарова