Янгиликлар
Айбсиз айбдорлар...
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо унинг ҳақин ёз ганж ила.
Алишер Навоий
Ҳар куни 10-15 дақиқа вақт давомида кўп қаватли уйимизнинг “балкон”идан кўчамизни кузатиб ўтираман. Кеча бир воқеага гувоҳи бўлдим. Ҳар галгидек атрофни ва ўтиб-қайтаётганларни кузатаётган эдим икки кишининг суҳбати қулоғимга чалинди. Икки йигит нимадир эрмак қилган ҳолда гаплашишарди:
- Бекк,и одам институтни, домлаларни соғинди...
- Соғинган нарсангни қара!? Ҳудди ўқишда юриб ниманидир қойиллатаётгандинг-да ўзиям...
- Барибир, нимадир “калла”га кириб турувди. Энди шуям йуқ-да.
- Э олдин домлаларни баҳона қилардинг, энди карантинни баҳона қиляпсанми? Жуда ўқигинг келса, уйда утириб ўқийвер-да.
-“Гаранг”мисан!? Домлалар мажбурлаб ўқитолмаган. Уйда ўтириб ўқий оламанми?!
- Домлаларингга қўшиб сани ҳам “уриб” кетган! “Кароче” бошни оғритдинг юр кеттик Шаҳноз кутиб ўтирибди. Дадаси келса чиқолмайди.
- Санам, Шаҳнозинг ҳам единг одамни. Ундан кўра тўй қилларинг.“Как раз” 30 кишилик тўй бўлади.
- Э асабга ўйнама, тур, йўлда ейсан шуни. Уйлансам нимам билан боқаман уни?!
Суҳбатни эшитиб бўлиб, ўйга толдим. Айб кимда? Ўқиш ва ҳунар ўрганиш муҳимлигини англаб етмаган шу йигитлардамикан? Йўқ! Уларга кимдир ҳозир қилаётган ишлари бекорчиликдан бошқа нарса эмаслигини ўргатиши керак эди-ку. Балки, айб ўғил-қизига тарбия бера олмаган ота-онададир, йуқ! Бечоралар куни бўйи ишласа керак шуларни ўқитаман, қорнини тўйғазаман деб... Балки, айб бу болаларга ватан келажаги “шулар”ни қўлида эканлигини уқтирмаган, билим бермаган ўқитувчилардадир, йўқ! Ота-онага қулоқ солмаган ўқитувчини айтганини қилармиди ?
Болалигим ёдимга тушди. Тўғисини айтсам, устозларимни айримларини унча ёқтирмас эдим. Чамаси 5 ё 6-синфда ўқир эдим. Кундузи уйимизда иш қайнарди. Мол-хол, экин-текин деганларидек. Кунларнинг бирида юмушларни қилиш жонимга тегиб, югуриб уйга кирдиму ўзимни дарс қилаётгандек кўрсатишни бошладим. Опам ёнимга келди:
- Тур ўрнингдан ҳали нон ёпишимиз керак, ҳудди дарс қилиб ниманидир қойиллатаёгандек ўтиришингни қара.
Онам эшитиб турган эканлар, опамга уриша кетдилар:
- Тегма мани “қизим” га. Дарсини қилсин. Худо ҳоҳласа ҳеч бўлмаса шуни ўқитаман. “Катта одам” бўлади.
Виқор ва фахрланиш ҳисси билан айтилган бу сўзлардан кейин ёлғон билан бошланган дарс машғулоти ростга айланиб кетди. Чунки онамни ишонч билан айтган бу гаплари мени “нимадир” қилишим кераклигини англатарди. Эртасига дарсга бордим. Устозим: “Ким ўтган мавзуни гапириб беради?”, деган эдилар қўлимни кўтардим. Тайёрланган эдимда. Ҳамма ҳайрон. Устозим ҳурсанд бўлиб: “Нилуфар, чиқ доскага” дедилар. Кеча онам берган “мотивация” билан мавзуни сўзлаб бердим. Ўзиям қойиллатдим, шекилли, устозим: “маладец” ота-онангга раҳмат”, дедиларда мени ушбу фан бўйича “аъло”чилар турадиган қаторга қўшиб қўйдилар. Энди мен “аълочи”ман. Шунда устозимни бирам яхши кўриб кеттимки, асти-қўяверинг. Шундай қилиб мени “миссиям” бошланди. Ўқидим, ўқишга кирдим. Онам айтганларидек унча “катта одам” бўлмасамда, лекин ўзим хоҳлаганимдек беғубор болалар ҳамда ёшлар билан ишладим ва ишлаб келаяпман. Аммо юқорида айтилган: “Айб кимда ўзи ?” саволига ҳалигача жавоб топишга қийналаман. Ўша болалик йилларим, онам ва устозимни эсласам, масалага ечимни кўргандек ҳам бўламан, баъзан. Ҳуллас, нима демоқчи эканлигимни тушундингиз.
Ёшлар!!!, бугун сизда ўқиб ва изланишингизга етарли вақт бор. Илтимос, бекорчи нарсалардан тийилинг, чунки сизга ишонувчи, сиз билан фахрланишни ва эртага сизга суянишни хоҳловчилар анчагина. Сизни ардоқловчи ва сизга ниманидир ўргатаётганларни қадрланг! Сабаби улар сиздан умидвор...
Ҳозир эса “пост”нинг сўз бошисига қайтиб Навоий бобомизнинг байтини яна бир бор такрор ўқинг!
Нилуфар Назарова Бойқобиловна,
Адлия вазирлиги қошидаги Қашқадарё вилоят юридик коллежи директорининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари.